Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Саудия компанияси ва бир ўзбекистонликка тегишли икки ширкат Бухорода шамол электр станцияси қуради

Ҳар бири $650 миллионлик бўлган иккита инвестицион лойиҳа доирасида Ўзбекистонда таъсис этилган ва айрим имтиёзлар берилаётган ширкатларга бир киши эгалик қилади.

510views0replies
0

Sputnik / Михаил Воскресенский

Бухоро вилоятининг Ғиждувон (қуввати 500 МВт) ҳамда Пешку (қуввати 300-500 МВт) туманларида Саудия Арабистонининг “International Company for water and power projects” компанияси шамол электр станцияларини қуради.
Мазкур лойиҳалар доирасида Ўзбекистонда “ACWA Power Bash Wind” МЧЖ ҳамда “ACWA Power Dzhankeldy Wind” МЧЖ лойиҳа компаниялари сифатида таъсис этилган.
Президентнинг жорий йил 23 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ, инвестор ва лойиҳа компаниялари ҳар икки тумандаги ШЭС учун юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммаларига олган ҳолда, жами дастлабки баҳолаш бўйича 650 млн АҚШ долларидан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этади.
Қарор матнига кўра, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва лойиҳа компаниялари ўртасида 2021 йил 24 январда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим тўғридан-тўғри музокаралар натижасида имзоланган ва унга мувофиқ:
–  ишлаб чиқарилган электр энергияси ягона харидор – “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга кафолатланган тарзда сотилади;
–  Лойиҳа компаниялари қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 18 млн АҚШ доллари миқдорида банк кафолатини тақдим этади;
–  инвестиция лойиҳалари доирасида ШЭСларни ягона электр энергияси тармоғига улаш учун қуриладиган ҳаво электр узатиш тармоқлари ва бошқа электр иншоотлари инвестор ва лойиҳа компанияси томонидан қурилади, бироқ ушбу харажатлар “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан 10 йил давомида ойлик тўловлар асосида қоплаб берилади;
–  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олади ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга оширади.
Шунингдек, Бухоро вилояти ҳокимлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Лойиҳа компанияларига белгиланган тартибда ерни ижарага бериш бўйича шартнома имзолайди ва инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга ер участкаларини ажратиб беради. Бунда, лойиҳа компанияси инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплашдан (компенсация тўловларидан) озод қилинади.
Маълумот учун: мазкур инвестицион лойиҳа доирасида доирасида Ўзбекистонда таъсис этилгани айтилган “ACWA Power Bash Wind” ҳамда “ACWA Power Dzhankeldy Wind” МЧЖлар (яъни Лойиҳа компаниялари) “ACWA Power Uzbekistan Wind Project Holding Company Ltd” компаниясининг таъсисчилари бўлиб, ҳар икки МЧЖнинг раҳбари Онарқулов Шерзод Каримбердиевич ҳисобланади. МЧЖлар устав фондидаги (400 млн сўмдан) 100 фоизлик улуш компанияга тегишли.
510views0replies
0

Изоҳлар