Излаш
RUUZ

Жамият

Олис ҳудудларга ишга жалб қилинган тиббиёт ходимларига 30 млн сўм ва уй-жой берилади

Бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсацияси солиқ тўловчининг жами даромадига киритилмайди.

1056views0replies
0

Иллюстрация / Сирдарё вилояти ИИБ

“Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.   
Унга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан олис ва чекка ҳудудларга ишга жалб қилинган малакали мутахассисларга ҳар ойлик компенсация тўланади.
Хусусан қуйидаги имтиёзлар берилади:
—  бюджет ташкилотларига ишга қабул қилинган олий маълумотли мутахассисларга БҲМнинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм) миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун БҲМнинг 2 баравари (446 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади;
—  оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинган шифокорларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 млн сўм миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули, уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилади ёки БҲМнинг 2 баравари (446 минг сўм) миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади.
Қайд этилишича, бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсацияси солиқ тўловчининг жами даромадига киритилмайди ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Мазкур имтиёзлардан ОТМнинг бакалавриати ёки магистратурасини тамомлаганидан кейин уч йил мобайнида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотлари, шу жумладан тиббиёт муассасаларига ишга кирган битирувчилар фойдаланиш ҳуқуқига эга. 
Бунда уй-жой учун ҳар ойлик пул компенсацияси мутахассис ишга қабул қилинган ойдан бошлаб 36 ойгача тўланади.
“Олий маълумотли мутахассис ва (ёки) тиббиёт ходими тегишлилиги бўйича олис ва чекка ҳудудда жойлашган бир бюджет ташкилотидан ва (ёки) тиббиёт муассасасидан бошқасига ўтказилганида, ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш белгиланган муддат тугагунга қадар давом эттирилади”, - дейилади ҳужжатда.
Аввалроқ, “Қишлоқ шифокори” дастурига мувофиқ чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига бир марталик 30 миллион сўм берилиши ҳақида хабар бергандик.
1056views0replies
0

Изоҳлар