Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

“S&P Global Ratings” Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB-” даражасида сақлаб қолди

Халқаро агентлик Ўзбекистоннинг кредит рейтингини пасайтириши мумкин бўлган омилларни ҳам санаб ўтган.

830views0replies
0

VCG

Жорий йилнинг 5 декабрь куни “S&P Global Ratings” халқаро агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон суверен кредит рейтинги “BB-” (рейтинг кутилмаси: “салбий”) даражасида сақланиб қолган.
Шунингдек, пандемия билан боғлиқ чеклов чораларига қарамасдан Агентлик томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг 2020 йилдаги ўсиши 0,5 фоизни, 2023 йилга қадар эса хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва табиий ресурслар тармоғи ҳисобига ўртача 5 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган. 
Бундан ташқари 2023 йилга қадар кредит долларлашуви даражасининг пасайишини, бу эса монетар сиёсатнинг самарадорлиги ва нарх барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатиши прогноз қилинган.
Молия вазирлигининг қайд этишича, Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинг баҳоси (“BB-”) аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг камлиги, институтлар ўртасидаги бир-бирини “тийиб туриш” ва ҳисобдорлик даражасининг кучсизлиги билан изоҳланган. 
Шу билан бирга, “салбий” кутилма ташқи қарз, жумладан, давлат қарзининг тез суръатларда ўсишда давом этиши мумкинлиги билан тушунтирилган.
Мамлакат учун давлат корхоналари ислоҳоти ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ҳукумат кафолатлаган ва бошқа кредитлардан ташқари) ҳажмини ошириш ҳукумат олдида турган энг устувор вазифа бўлиб қолаётганига урғу берилган. 
Шунингдек, Марказий банкнинг инфляцияни таргетлаш режимига ўтаётганлиги қайд этилган ва бу жараён бир неча йилларни талаб этиши тахмин қилинган.
Долларлашув даражасининг пасайиши эса монетар сиёсатнинг трансмиссион механизми самарадорлигини ошириши таъкидланган. Шу билан бирга, юқори инфляция даражаси ҳануз монетар сиёсатни чеклаётганлигига урғу берилган.
Қуйидагилар келгусида мамлакат кредит рейтингини пасайтириши мумкин бўлган омиллар сифатида санаб ўтилган:
- кейинги 12 ой давомида давлат ташқи қарзининг ўсиш суръати барқарорлашмаса (яъни ўтган 12 ойдаги ўсиш суръатларидан баланд бўлса);
- давлат корхоналари молиявий ҳолатининг заифлашуви натижасида ушбу корхоналар қарзлари давлат бюджети томонидан тўланса;
- сўнгги йиллардаги ислоҳотларга қарамай иқтисодиётдаги долларлашув даражаси сезиларли даражада ошса (2020 йилнинг октябрь ойи ҳолатига банк секторидаги долларлашув 49 фоиз, депозитларнинг долларлашув даражаси 43 фоизни ташкил этган).
830views0replies
0

Изоҳлар