Излаш
RUUZ

Жамият

2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун депутатлар томонидан қабул қилинди

Қонун 23 ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда 1 та янги модда билан тўлдирилди.

883views0replies
0

parliament.gov.uz

“2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2020 йил 1 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан қабул қилинди.
Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида барча сиёсий партияларнинг фракциялари ўз позициясини билдириб, қатор таклифларни илгари сурган эдилар. 
Биринчи ўқиш билан иккинчи ўқиш оралиғида бўлиб ўтган фракциялар, масъул қўмита ҳамда ишчи гуруҳ йиғилишларида қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин таклифлар билдирилди. 
Муҳокамалар натижасида қонун лойиҳасининг қатор муайян нормаларига аниқлаштирувчи тузатишлар киритилганидан ташқари тегишли моддаларга 23 та принципиал ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Депутатлар таклифлари асосида ҳукумат вакилларининг розилигида лойиҳа 1 та мутлақо янги модда билан тўлдирилди. 
Бундан ташқари, депутатлар таклифига кўра, 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун қўшимча 100 миллиард сўм, “Эл-юрт умиди” фондига қўшимча 32,5 миллиард сўм, Ахборот-кутубхона марказларида кутубхона фондини янгилаш ва тўлдириш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолининг соғлом овқатланишини, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига янги механизмларни жорий қилиш харажатларига 63,4 миллиард сўм, юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини ривожлантириш дастурига 104 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Мажлисда бош молиявий ҳужжат лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, парламент вакилларининг берган саволларига Молия вазири Т.Ишметов, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари атрофлича жавоб қайтардилар.
Барча сиёсий партиялар фракцияларининг сўзга чиққан вакиллари томонидан Ҳукумат томонидан тақдим этилган “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашни таклиф этдилар.
Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ҳамда Сенатга юбориладиган бўлди.
883views0replies
0

Изоҳлар