Излаш
RUUZ

Жамият

Банкоматларда ушлаб қолинадиган 1 фоизлик тўлов камайтирилиши мумкин

Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида бугунги кундаги вазиятни инобатга олиб, ушбу миқдорни пасайтириш масаласи муҳокама қилинди.

706views0replies
0

UzNews.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.  
Муҳокамалар жараёнида “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Полвонов фуқаролар ойлик маошлари ҳамда унга тенглаштирилган тўловларни банкоматлар орқали нақдлаштирганда 1 фоиз ҳисобида банк хизмати тўлови ушлаб қолинаётгани билан боғлиқ масалани кўтарди, дея ёзмоқда Kun.uz нашри.  
Депутат бугунги кунда аҳолининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар деярли тўлиқ ҳажмда пластик карточкаларга ўтказиб берилаётгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда эса, пластик карточкалардаги пул маблағлари нақд пул шаклига тенглаштирилгани, лекин тижорат банклари томонидан аҳолининг пластик карточкаларини банкоматлар орқали нақдлаштиришда 1 фоиз миқдорида комиссия тўлови ушлаб қолинаётгани ҳақида гапирган.
Агар аҳолининг 10 фоизи бир ойда банкоматлар орқали ўртача 1 миллион сўмдан пул маблағларини нақдлаштирса, ойига 30 млрд сўм, йилига эса 350 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари банклар ҳисобига ушлаб қолиниши мисол тариқасида келтириб ўтилган.
“Ваҳоланки, банклар фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка биноан, пластик карталардаги пулларни нақдлаштириш жараёнида максимал даражада 1 фоизгача банк хизмати ушлаб қолиш белгиланган. Нега айнан бугунги кунда максимал даражадаги 1 фоиз ушлаб қолинмоқда?”, дея савол билан мурожаат қилган депутат.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурматов бунга жавобан мазкур амалиёт тижорат банкларининг аҳолига банкомат хизматларини кўрсатишдаги харажатларини қоплаш учун жорий этилганини маълум қилиб, депутатнинг эътирози Марказий банк ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилишини айтган.
Бош вазир Абдулла Арипов ҳам ушбу масалага ўз муносабатини билдирган. У мазкур масала қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида кўриб чиқилиши ҳамда 1 фоизлик устама тўлақонли олиб ташланмаган тақдирда ҳам енгиллаштириш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилган.
706views0replies
0

Изоҳлар