Излаш
RUUZ

Жамият

Жамоат транспортларида қўлқоп тақишни тарғиб қилиш – мантиқсизлик — “Юксалиш” раиси

Бобур Бекмуродов Транспорт вазирлиги ушбу тартибни бекор қилиши ва фуқаролар билан маслаҳатлашиб, бошқа ҳимоя усулларини таклиф қилиши кераклигини билдирди.

800views0replies
0

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов кечадан бошлаб жамоат транспортларида жорий қилинган тиббий қўлқопларни тақиш ҳолатига муносабат билдирди.  
“Транспорт вазирлиги томонидан жорий этилган Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, маршрутка) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий қўлқопда бўлиш тартиби жамоатчилик орасида баҳсларга сабаб бўлмоқда. 
"Бизда ҳам ушбу қарорнинг мантиқийлиги ва ҳуқуқийлиги юзасидан иккита асосий шубҳа бор”, - деб ёзади Бобур Бекмуродов.
Биринчидан, жамоат транспортида қўлқоп тақилиши ҳақида Махсус комиссия қарори ёки бирор юридик ҳужжат йўқ. Транспорт вазирлигининг бундай қарор қабул қилишга ваколати борми? Агар шундай ҳужжат бўлса, уни эълон қилиш керак. 
Иккинчидан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус инфекциясидан сақланишда қўлқоп тақиб юришни самарасиз, деб топган. Жумладан ЖССТ сайтида COVID-19 бўйича савол-жавоблар билан бирга, маълум бир тавсиялар ҳам бериб борилади. Айнан қўлқоп тақиш борасида қуйидаги тавсия мавжуд:
Қўлқоп тақиш самарали эмас. Қўлқопларда вирус тўпланади ва инсон агарда қўлқоп тақилган қўл билан юзига тегса, кўз ёки оғиз орқали вирус юқиши мумкин. Қўлларни мунтазам ювиш ёки спирт воситасида артиб туриш самаралироқ.
Қўлқоплар текинга тарқатилгани билан, уларни харид қилиш харажатлари охир-оқибат солиқ тўловчиларнинг ҳисобидан амалга оширилади.
Шу муносабат билан, Транспорт вазирлиги ушбу тартибни бекор қилиши ва бунинг ўрнига, фуқаролар билан маслаҳатлашиб, бошқа (қўлни дезинфекция қилиш учун диспенсерларни ўрнатиш каби) ҳимоя усулларини таклиф қилиши керак, - деб ёзади Бобур Бекмуродов.
Эслатиб ўтамиз, 19 октябрдан Тошкент шаҳар жамоат транспорти хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб билан биргаликда тиббий қўлқопда бўлиши шарт.
Бунда ташувчилар томонидан жамоат транспорти йўловчиларига қўлқоплар бепул тақдим этилади.  
Кеча АОКАда "Жамоат транспортида тиббий қўлқоп кийиш тартибининг жорий қилиниши" мавзуси бўйича ўтказилган брифингда жамоат транспортида тиббий қўлқоп тақишнинг мажбурий қилинишига нима сабаб бўлгани ва йўловчиларга тарқатиладиган тиббий қўлқоплар кимнинг ҳисобидан харид қилиниши маълум қилинди.
"Касалликнинг юқиш омили сифатида юқори нафас йўллари, ҳаво-томчи йўллари билан биргаликда маиший мулоқот йўллари қайд этилади. Маиший мулоқот — қўл билан оғиз-бурун, кўзнинг шиллиқ қаватига тегиниш орқали вирус юқтириш.
Қўлқоп таққан шахс ўзининг юз қисмига қўл теккизмаслиги, оғиз-бурун ёки кўзини ишқаламаслиги, қолаверса, касалликнинг «очиқ дарвозалари»дан ўзини асраши эҳтимоли юқори", деди Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов.
800views0replies
0

Изоҳлар