Излаш
RUUZ

Жамият

Зангиотадаги шифохонада маййитларни яқинларига бериш тартибига ойдинлик киритилди

ССВ ишлаб чиққан қоидага биноан маййит ўлим содир бўлган бўлимда 2 соат сақланиши керак.

672views0replies
0

UzNews.uz

Республика патологик анатомия маркази директори, ССВ бош патологоанатоми, профессор Ражаббой Исраилов Зангиотадаги шифохонада маййитларни яқинларига бериш тартибига ойдинлик киритди.  
Қайд этилишича, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб патологик анатомия бўлими фаолияти ташкил этилган. Эндиликда, ортиқча оворагарчиликларига йўл қўймаслик, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур шифохонада вафот этганларнинг маййитини қариндошлари ушбу бўлимдан олиб кетишлари мумкин. 
Шу кунга қадар маййитлар Республика патологик анатомия марказига олиб борилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 28 мартдаги "Коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасадини дафн этишда хавфсизликни таъминлаш бўйича вақтинча қоидалар"га асосан, ўлим содир бўлган бўлимда 2 соат сақланиб, шундан сўнггина патологик анатомия бўлимига олиб келинади. Кейин мурда рўйхатдан ўтказилиб, 3 фоизли хлорли эритмада зарасизлантирилади, мурданинг диний эътиқодига кўра, ювилиб (кафанланиб ёки кийинтириб) қаришдошларига топширилади. 
–  Табиийки, бу амалиётлар ўтказилиши учун ўртача 3-4 соат вақт талаб этилади. Бу вақтда қариндошлар муассаса эшиги тагида кутиб қолмоқда, - дейди Ражаббой Исраилов. – Шунингдек, тарқатилаётган видео, матнли хабарларда "Коронавирусдан вафот этган мурдаларни олиб кетишда навбат кутувчилар шунча бўлса, уларнинг сонини статистика нега кам беряпти?" деган мулоҳаза ҳам мавжуд. 
Патологик анатомия бўлими эшиги олдида кутиб турган одамларнинг кўплигининг сабаби аслида бир нафар мурдани олиб кетиш учун камида 4 нафар қариндоши келади, бу эса ўз-ўзидан фуқароларни ваҳимага тушишига сабабчи бўлмоқда. Қайд этиш жоизки, статистика маълумотларини сохталаштиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас.
Маълумки, Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида нафақат коронавирус билан касалланганлар, балки бошқа турдаги ўткир инфекция ва пневмония билан оғриган беморлар ҳам даволанмоқда. 
ССВ бош патологоанатомининг таъкидлашича, коронавирусдан вафот этганлар статистикасида фақат “COVID-19” диагнози вирусологик текширувда тасдиқланганлар сони берилади, лекин бу шифохонада пневмония ва бошқа инфекцион касалликлардан ҳам вафот этаётганлар бор. Табиийки, улар коронавирус статистикасига киритилмайди.
Шунингдек, ушбу шифохонадаги патологоанатомик бўлими янада такомиллаштирилиб, кечки навбатчиликни ҳам ташкил қилиш ва тунги вақтларда маййитни қариндошларига топшириш имконини яратиш режалаштирилмоқда. 
–  "Зангиота шифохонаси атрофида тобут ташийдиган машиналар нархларни 700 мингдан бошлаб кўтариб юборган" деган хабарларга эса, қуйидагича изоҳ бериш мумкин. Жасадларни етказиб бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика патологик анатомия маркази зиммасида эмас. Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси дарвозаси олдида дафн этиш маросимини ташкил қилувчи хусусий ташкилотлар жасадни ташиб беришни таклиф қилишмоқда. Уларнинг ўз хизматлари учун белгилаган нархларини назорат қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика патологик анатомия маркази ваколатига кирмайди, - дейди Ражаббой Исраилов.
672views0replies
0

Изоҳлар