Излаш
RUUZ

Жамият

Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташриф буюрди

Президент дамба ёрилиши оқибатида зарар кўрган аҳоли учун қурилган уйлар билан танишди.

1144views0replies
0

president.uz

Бугун, 13 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори дамбаси ёрилганидан кейин ҳудудда олиб борилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 2 211 хонадон яроқсиз ва 2 499 хонадон таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Давлат раҳбари ўшанда бу аҳволни кўриб, вайрон бўлган маҳаллаларни нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки ундан-да яхши қилиш, ҳамманинг ҳаваси келадиган масканга айлантиришга ваъда берган эди.
Шу мақсадда, учта ҳудуд танланиб, 50 гектар майдонда 86та 5 қаватли уй-жой барпо этилган. Хусусан, Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласида 37та, Мирзаобод тумани “Ҳақиқат” маҳалласида 40та ҳамда “Навбаҳор” маҳалласида 9та уй-жой қурилди. Уларда жами 2 640 хонадон бор.
“Сув тошқини жуда катта талафот бўлди. Ҳам фожиа оқибатларини бартараф этиш, ҳам қисқа муддатда одамларни рози қилишимиз керак эди. Бунга унча-мунча давлатнинг дош бериши ўзи бўлмайди. Ҳар бир одам билан гаплашдик. Вазирликлар, ҳудудларни жалб қилиб, тезкор иш ташкил этилди. Совуқ кунларга қолдирмасдан, оилаларни уй билан таъминлашга эришдик. Энг катта масала - одамларнинг кўнглидаги ғашлик кетди, улар рози бўлди”, - деган Шавкат Мирзиёев.
Илгари бу жойлардаги кўп уйларда табиий газ йўқ эди. Энди газ, сув, электр энергияси ва бошқа коммуникациялар билан таъминланган. Яна бир муҳим томони – янги уй эгаларининг аввалги ҳовлилари ҳам ўзларида қолди.
Давлат раҳбари ўша қийин кунларда бутун халқ жипслашиб ҳаракат қилганига катта эътибор қаратган.
“Бутун мамлакатимиздан мутахассислар келди. Бу ерда Қорақалпоғистон ва ҳар бир вилоятнинг ўз кўчаси бор. Қудратимиз борлигига, бирлашсак, меҳрли бўлсак, кўп ишларни амалга оширишимизга ҳамма инонди”, - дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилишича, бу маҳалла "Янги Ўзбекистон" деб номланган.
“"Янги Ўзбекистон" дейилганида ҳам маъно бор. Агар халқимизга маъқул бўлса, бундай уйларни бошқа ҳудудларда, аҳоли зич шаҳарларда ҳам қурамиз. Ҳар бир мавзе ёнида иш ўринлари ҳам ташкил этамиз. Умуман олганда, қуриш ва яшаш маданиятимиз ўзгариши керак”, - деган президент.
Шунингдек, янги мавзеда маҳалла гузари, дўкон, кутубхона, болалар майдончалари барпо этилган. Уйларга хизмат кўрсатувчи сервис компанияси ташкил қилинган.
Турар жойларни эксплуатация қилиш тизимини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
1144views0replies
0

Изоҳлар