Жамият

Бизнинг вазир содда ва юмшоққина — Алишер Қодиров Шерзод Шерматовни танқид қилди

“Миллий тикланиш” ДП раиси халқ таълими вазирини АҚШ ва Россиянинг дастурларида сиёсий мақсадни кўрмаётганини билдирди.

Бизнинг вазир содда ва юмшоққина — Алишер Қодиров Шерзод Шерматовни танқид қилди
Фото:president.uz

“Миллий тикланиш” ДП раиси Алишер Қодиров халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг АҚШнинг USAID ва Россиянинг Маориф вазирлиги билан имзолаган келишувлари ҳақида кескин фикр билдирди.  Партия раисининг фикрлари қуйида таҳрирсиз келтирилган.

 

“Сиёсатдан ҳоли вазиримиз ушбу келишув ҳақида фикрларини ёзибди:

 

“Россиялик педагоглар Ўзбекистонга келиб ҳудудий малака ошириш марказларида рус тили ўқитувчиларимизнинг малака оширишларига ҳамда ўзбек тилида дарс ўтилаётган мактабларда рус тилини ўргатишни яхшилашга ёрдам берадилар. Бу эса ушбу мактаблардаги рус тили ўқитувчиларимиз учун ҳам жуда катта фойда бўлади”.

 

Келишувнинг асл мазмунини тушундик. Бу яхши, фақат кейинги фикрлардан ташвишланиш керакдек...

 

“Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида рус тилида дарс ўтиладиган мактабларга ота-оналар томонидан талаб жуда юқори (!). Кўпчилик ота-оналар уйда рус тилида сўзлашмасликлари сабабли (!) болалари ўқишда қийналса ҳам рус тилидаги мактабга беришга ҳаракат қиладилар. Бунга асосий сабаблардан бири, мен билмасам ҳам болам жуда бўлмаса рус тилини ўрганиб чиқсин, дейди. Аслида эса бундай ўқувчилар мактабда бошқа фанларни ўзи билмайдиган тилда ўзлаштиришга қийналадилар (!).

 

Ушбу лойиҳадан мақсад – ўзбек тилидаги мактаб битирувчиси фанларни ўз она тилида яхшироқ ўргана олиши билан бирга (!), рус тилини ҳам биладиган бўлиб битириб чиқсин”.

 

Қойил, мантиқни қаранг. Рус мактабига ота-она “орзу ҳавас” билан, “ҳеч бўлмаса рус тилини ўргансин” деб боласини биринчи синфдан беради, у бошқа тилда ўрганолмайдиган геометрия, алгебра, физика ва географиядан “саводсиз” бўлади, лекин “рус тилини ўрганиб чиқади”.

 

“Мактаб ўқувчилари келажаги учун муҳим бўлган ушбу лойиҳани ижтимоий тармоқларда баъзи “ақлли”лар дарров сиёсийлаштиришга ҳаракат қилишаётганини кўриб, аниқ айтиб қўймоқчиман: ушбу лойиҳа орқасида бирон бир сиёсий мақсад йўқ. Асосий мақсадимиз – битирувчиларимиз дунё бозорида рақобатбардош бўлишига эришиш”

 

Вазир ҳеч қандай сиёсий мақсадни кўрмаяпти, тушунарли. Бизнинг вазир содда ва юмшоққина. Бу лойиҳада бошидан иккинчи томоннинг сиёсий мақсадлари кўриниб турибди” деб ёзади Алишер Қодиров.

 

Ўз фикрини билдирган партия раҳбари вазир олдига қатор саволларни ташлаган:

 

“Масалани сиёсийлаштирмасликка чақираётган вазиримиз тушуниши керак, тил ва таълим азалдан сиёсий масала бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Ўзбек бўлиб ўзбекчани, қадриятларини англамайдиган ёшлар сезиларли ортиб бораётгани таълимга масъул мансабдорга огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак. Ўзбекистонда таълим ва тарбия тизими ўзбек халқининг тараққиёти учун хизмат қиладиган авлодни тарбиялаши керак. Бошқа миллатдаги ватандошларимизга Конституцияга мувофиқ ўз тилларида, ўз қадриятларига мувофиқ таълим олишлари таъминланмоқда ва таъминланади. Вазир жанобларига савол, ота-оналар талаби билан Ўзбекистонда болалар рус тилида ўқитилиши мумкинми? Мамлакатнинг таълим ва тарбия тизими ота-оналарнинг талаби билан шаклланадими? Ўзбекистонда рус миллатига мансуб ватандошларимизнинг сони қанча? Рус тилидаги мактаблар унга мутаносибми? Нима сабабдан 200 га яқин мактаб дарсликлари ўзбек ва рус тилларида нашр этилади? 1 та дарсликни 3-6 млрд сўмга тушишини, қисқа даврда қайта нашр этилишини ҳисобласак, бу мушкул масала эмасми? Нега нафақат рус, балки ўзбеклар ҳам рус тилидаги мактабларда ўқитилишига бефарқ бўлаяпмиз? Нега бугун ўзбек ёшлари русийзабон бўлиб кетаяпти? 20 йилдан кейин нима бўлади? Бу аҳволга ўзбекларни бошланғич синфларданоқ рус синфларида, (лойиҳага кўра энди ўзбек синфларида ҳам) русча ўқитилаётгани сабаб бўлмаяптими?

 

Россия рус тилини эъзозлайдиган, бошига кўтарадиган мамлакатларни кўп бўлишини истайди, бу жуда ҳам табиий. Бу уларнинг геосиёсий, геоиқтисодий манфаатлари талаби. Биз-чи? Биз барча илмларда илғор, қадриятларимизни қадрлайдиган, шу билан бирга хорижий тилларни биладиган авлод тарбияламоқчимизми, ёки ўз тили, қадриятлари ва маданиятидан уяладиган ғарбпараст, руспараст авлодними? 12 ёшигача онгостига бошқа маданият ва тилларга муҳаббат сингдириб қўйилган болага ватанпарварлик ва миллий қадриятлар ҳақида соатлаб дарс ўтишдан фойда бўлмайди” деб ёзади у.

изоҳлар
Музаффар Максудов
13 октябрь, 14:23
Шахсан узим, миллатпарвар шахс сифатида фарзандларимни узбек мактабида укитаман. Шу билан бирга, рус ва инглиз тилларини пухта урганишларига етарли шарт-шароит килиб берганман.
Музаффар Максудов
13 октябрь, 14:19
Агар, гап узбек мактабларида рус тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш тугрисида кетаяпкан булса нур устига аъло нур буларди. Лекин, агар гап рус мактаблари ёки синфлари сонини ошириш тугрисида кетаяпкан булса унда бу умуман нотугри деб уйлайман. Хар холда, узбек миллатига мансуб булган инсон болалигидан узбекча, яъни миллийча фикрлаши максадга мувофик булади.
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
СИЗДА ЯНГИЛИК БОРМИ? БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
ЯНГИЛИК ЮБОРИШ
ЯНГИЛИКЛАР ЛЕНТАCИ
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ