Излаш
RUUZ

Ҳодисалар

“1,5 йилда қулаб тушган 6,5 миллиардлик кўприк” бўйича маълумот берилди

Аввалроқ, Термиз транспорт прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

1135views0replies
0

Скриншот

Ижтимоий тармоқларда 6,5 миллиардга қурилган кўприк 1 йил-у 7 ойда қулаб тушганига оид видеолавҳалар тарқалганди. Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ушбу кўприк қулаши вилоят прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилди.  
Аниқланишича, Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи, давлат аҳамиятидаги 4р-105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобиль йўлининг 76 километрида жойлашган, узунлиги 66 погонаметр бўлган “Полвонтош” селгаси устидаги кўприкнинг оралиқ таянч устунлари 1 метрга чўкиши ва устки плиталари қулаши натижасида кўприк яроқсиз ҳолатга келиб, ҳозирги кунда пиёдалар ва автомашиналар ҳаракати чекланган.
Мазкур ҳолат бўйича “Сурхон қурилиш назорат ўлчов” МЧЖ ва вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси мутахассилари томонидан расмийлаштирилган далолатномага кўра, ўтказилган назорат ўлчовида пудратчи корхона томонидан ҳақиқатда бажарилган ишлар “Бажарилган ишларни тасдиқловчи счёт-фактура маълумотномаси”га (Форма-3) қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланмаган. 
Қайд этилишича, лойиҳа смета ҳужжатларига нисбатан бажарилмаган ишлар хажми 34 млн. 491 минг 265 сўмни ташкил қилишини ва мавжуд пудратчи ва буюртмачи ўртасида имзоланган 21.04.2014 йилдаги 3/ТО-2014-сонли шартноманинг 3-қисми (пудратчининг мажбуриятлари) 4-банди пудратчи томонидан тўлиқ бажарилмаганлиги кўрсатилган.
Карантин вақтида шахслар билан мулоқат қилиш вақтинчалик тўхтатилганлиги сабабли хар қандай тергов ҳаракатларини ўтказишнинг имкони йўқлиги, мазкур ҳолатни ойдинлаштириш учун бошқа шахслардан ва мутахассислардан хулоса олиш имконияти мавжуд бўлмаган.
Шу сабабли, 18.06.2020 йилда Термиз транспорт прокуратураси томонидан Ўзбекистон ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Ушбу қарор 29.09.2020 йилда Транспорт прокурори томонидан бекор қилиниб, ҳозирги кунда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
1135views0replies
0

Изоҳлар