Излаш
RUUZ

Жамият

1 октябрдан бошлаб синф раҳбарлари учун қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилади

Мазкур мақсадлар учун йиллик 400 миллиард сўмдан зиёд қўшимча маблағ йўналтирилади.

1425views0replies
0

president.uz

Жорий йил 1 октябрдан бошлаб 242 минг нафар синф раҳбари учун қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида маълум қилди.  
Давлат раҳбари синф раҳбарларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини муносиб рағбатлантириш чораси кўрилаётганини, хусусан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб 242 минг нафар синф раҳбари учун қўшимча тўлов миқдори бир ярим баробар оширилишини айтиб ўтди. Таъкидланишича, мазкур мақсадлар учун йиллик 400 миллиард сўмдан зиёд қўшимча маблағ йўналтирилади.
– Жамиятда устоз ва мураббийларга қаратилаётган эътибор туфайли қарийб 15 минг нафар эркак ўқитувчи мактабларга қайтди. Аммо, шуни таъкидлаш керакки, ҳали бу борада кўзланган натижага эришганимиз йўқ. Ҳозирги кунда ҳам халқ таълимидаги педагогларнинг қарийб 70 фоизини аёл ўқитувчилар ташкил этмоқда.
Албатта, ҳаммамиз мактаб даврини эслаганимизда, кўз олдимизга аввало, талабчан ва меҳрибон синф раҳбаримиз келади. Нима учун? Чунки, мактабдаги ҳар бир қадамимиз мана шу азиз ва олижаноб инсонларнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигида бўлган. Ҳаётга илк йўлланмани ҳам бизга мана шу устозларимиз берган.
Ўрни келганда айтмоқчиманки, мен бугун имзолаган Фармон билан биринчи марта 14 нафар синф раҳбари давлатимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.
Ўқитувчиларнинг доимий ва узлуксиз психологик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги қошидаги ҳудудий малака ошириш институтларида синф раҳбарларини тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курсларини ташкил этиш керак.
Бугунги кунда жамиятимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг қадди, шаъни ва ғурури тикланаётгани барчамизни қувонтиради.
Айни вақтда бу ўта муҳим масала энг долзарб вазифамиз эканини алоҳида таъкидлаб, уни амалга ошириш бутун жамиятимизнинг бурчига айланишини истардим. 
— Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди, - деди Шавкат Мирзиёев ўз нутқида.
1425views0replies
0

Изоҳлар