Излаш
RUUZ

Жамият

Рекламани нотўғри деб топиш тўғрисидаги қарорни берувчи ваколатли ташкилот ўзгартирилмоқда

“Реклама тўғрисида”ги ва “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинди.

689views0replies
0

Unsplash / Kate Trysh

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.  
Унга кўра, 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги Қонунига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда:
13-модда учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:
“Рекламани нотўғри деб топиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармалари қабул қилади”.
Қонун билан айни вақтда ушбу ваколат Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органларига тегишли.
23-модда:
-  “Тамаки, тамаки маҳсулотлари ва ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликлар рекламаси тақиқланади (Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотларининг ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳоллардаги рекламаси бундан мустасно), шу жумладан:”;
“Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари рекламасига қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
меҳмонхоналарда, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари савдо залининг ички қисмида ҳамда маҳсулотларни намойиш ва дегустация қилиш жойларида;
ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини кўрсатган ҳолда маҳаллий кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ҳамда реализация қилувчи савдо ташкилотларининг расмий веб-сайтларида;
темир йўл ва ҳаво транспорти воситаларида;
оммавий ахборот воситаларида маҳаллий вақт билан соат 23:00 дан соат 07:00 га қадар”.
2011 йил 5 октябрда қабул қилинган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф қилинмоқда:
“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари рекламаси бундан мустасно”.
Лойиҳа муҳокамаси 14 октябрга қадар давом этади.
689views0replies
0

Изоҳлар