Излаш
RUUZ

Сиёсат

Президентнинг 500 га яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлари бекор қилинди

Президент Фармони билан қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизими жорий этилади.

1071views0replies
0

president.uz

“Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.
Фармон билан Президентнинг 500 га яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатлари бекор қилинди.
Фармонга мувофиқ, қуйидагилар амалга оширилади:
– Олий Мажлис палаталари, Президент, Ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг индивидуал ва ташкилий тусдаги ҳужжатларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқлаш мезонларини белгилаш;
– янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжатини қабул қилиш амалиётини жорий этиш;
– Президент ва Ҳукуматнинг расмий саналарни нишонлашда ишланмайдиган кунни белгилаш, дам олиш кунини кўчириш ҳамда тадбирларни ўтказиш ҳақидаги ҳужжатларини йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий қилиш;
– қонунчилик базасини ялпи хатловдан ўтказиш ва уни тизимлаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.
Шунингдек, Фармонга кўра:
– қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тартибга солишнинг таъсирини баҳолаш лойиҳани ишлаб чиққан ташкилотлар томонидан regulation.gov.uz портали орқали;
– амалдаги қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳуқуқий мониторинг бўйича электрон платформадан фойдаланган ҳолда;
– маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш “E-Qaror” ягона электрон тизимдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Қуйидагиларни назарда тутувчи тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича таҳлилий материаллар қонун ҳужжатлари лойиҳаларига илова қилиниши шарт:
– муаммо таҳлили ва ҳал этиш йўллари; 
– рақобатга таъсирнинг баҳоси; 
– янги тартибга солиш воситалари ва уларни жорий этишнинг эҳтимолий оқибатлари прогнози ва баҳоси; 
– фуқаролар ва тадбиркорлар учун фойда ва харажат таҳлили.
1071views0replies
0

Изоҳлар