Излаш
RUUZ

Маданият

Бюджети 16 млрд сўм бўлган кинолардан 240 млн сўм даромад олинган – “Ўзбеккино”

2019 йилда бюджети 16 млрд сўм бўлган 8 та бадиий фильм ишлаб чиқарилган. Бу фильмлардан тушган умумий даромад эса 240 миллион сўмни ташкил қилган.

1688views0replies
0

t.me/uzbekkinopress

Молия вазирлиги ҳузуридаги Назорат тафтиш бош бошқармаси текширувига кўра киносаноат соҳасида 17 миллиард сўмлик бюджет маблағлари нотўғри сарфланган. Бу ҳақда “Ўзбеккино” миллий агентлиги, жамоатчилик ва бадиий кенгашлари ва Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмасининг қўшма баёнотида маълум қилинди.  
Қайд этилишича, ҳозирда ишни Бош прокуратура ўрганмоқда.
Шунингдек, 2019 йилда умумий бюджети 16 млрд сўм бўлган 8 та бадиий фильм ишлаб чиқарилган. Бироқ бу фильмларнинг кинотеатрдаги намойишидан келиб тушган даромад ушбу маблағнинг 1,5 % улушига, яъни 240 миллион сўмга тўғри келди. Бир неча миллиард сўмлик давлат томонидан ажратилган маблағга ишланган кўплаб фильмлар ижараси Алишер Навоий номидаги кино саройида 2-3 кундан узоқ муддатга чўзилмаган.
Қайд этилиишча, 2020 йилда давлат томонидан ажратилган бюджет маблағлари 56 млрд сўмни ташкил этади, бу маблағ “Ўзбеккино”га биринчи навбатда давлат буюртмаси бўйича ишланадиган киномаҳсулотларни молиялаштириш учун тақдим қилинган.
Аммо 2019 йилдан 2020 йилга 16 та киномаҳсулотлар ўтган бўлиб, ушбу киномаҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича нафақат асосий ишлар, балки уларни бюджетдан молиялаштириш ҳам жорий йилга тўғри келгани айтилади.
Мисол учун, “Илҳақ” фильмига қўшимча ҳарбий саҳналар киритилди, бу эса жорий йилнинг февраль ойида Беларусда қўшимча суратга олиш ишларини амалга ошириш эҳтиёжини туғдирди. Бу мақсадларга Ўзбекистон ҳукумати томонидан 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги қўшимча маблағ йўналтирилди. 
“Барон 2” фильмини такомиллаштириш учун “Ўзбеккино” МА томонидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида хориж сармояси жалб қилинди ва Россиянинг “Инферно” кинокомпанияси билан фильмни ҳамкорликда ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзоланди. 
Жиззах вилояти ҳокимияти томонидан шоир Ҳамид Олимжон ва шоира Зулфия ҳақидаги “Муҳаббат баҳори” фильмининг таркибий қисмини тубдан такомиллаштириш учун зарур бўлган 12 та қўшимча саҳнани яратишга йўналтирилган 2 млрд сўм миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилган. 
Умумий бюджети 5 млрд 367 млн сўм бўлган “Эврилиш” фильмини якунига етказиш учун “Ўзбеккино” МА киритган ҳиссаси 3 млрд 220 млн сўмни ташкил қилди. 
Шу билан бир қаторда шу кунларда 2019 йилда бошланган “Ибрат”, “101 рейс” ва бошқа бир қатор кинокартиналарнинг таркибий қисмини такомиллаштириш ва суратга олиш жараёнларини якунига етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шундай қилиб, 2019 йил ишлаб чиқарувчилари олдида катта қарздорлик юзага келган ва 2020 йилда ҳисоб-китоби босқичма-босқич амалга оширилаётган янги лойиҳаларни ишга туширишда қийинчиликлар пайдо бўлган.
1688views0replies
0

Изоҳлар