Излаш
RUUZ

Жамият

UzAuto Motors бўйича ЎзЛиДеПнинг ҳаракати шовқин кўтариб, ўйламасдан иш қилишдан бошқа нарса эмас — “Миллий тикланиш” раиси Алишер Қодиров

Унга кўра, Ҳукуматни ўзи тавсия қилган ЎзЛиДеП бу можародан халқ ишончини суиистеъмол қилаётган бўлиб чиқаверади.

1474views0replies
0

t.me/alisher_qodirov

“Миллий тикланиш” ДП раиси Алишер Қодиров Telegram-каналида ЎзЛиДеПнинг UzAuto Motors бўйича ўзи тавсия қилган Ҳукуматнинг бу масаладаги фикрини эшитмасдан шовқин кўтариш, узоқни ўйламасдан иш қилишдан бошқа нарса эмаслигини маълум қилди.
UzAuto Motors'нинг ягона акциядори UzAutoSanoat. UzAutoSanoat'ни ягона акциядори Ҳукумат. Ҳукумат сайловларда энг кўп овоз олган ЎзЛиДеПнинг тавсияси билан шаклланган.
ЎзЛиДеП UzAuto Motors масаласини ўзи тавсия қилган Ҳукуматга эмас, Ҳукуматга ҳисобдор бўлмаган Рақобат қўмитаси ва прокуратурага арз қилди. Бу ишончсизликка сабаб нима?
Муаммони суд тартибида кўриб чиқилиши албатта жуда яхши, халқ ҳақиқий ҳолатдан хабардор бўлади, лекин суднинг қарори қандай бўлишидан қатъий назар, ЎзЛиДеП бу муаммони аввал Ҳукумат билан муҳокама қилиши керак эди. Чунки монополистлар билан боғлиқ муаммо фақат UzAuto Motors'да тугамайди. Халққа қиммат автомашина сотиб зарар етказаётган монополистни судга бериб, таннархидан арзон электр энергия ва газни сотиб, зарарини бюджет маблағларидан қоплаб келаётган бошқа монополистни бошини силаб ривожланиб бўлмайди. Бозор талаб ва таклифга таяниб, манфаат учун ишлаб чиқаради. Ҳамма нарса шаффоф бўлиши керак. Ҳар икки ҳолат ҳам Ўзбекистоннинг ривожига хизмат қилмайди. Мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар монополияларни босқичма-босқич тугатиш, бозорга мослаштириш, ЖСТга аъзолик шароитида рақобатга тайёрлашни мақсад қилган. Биз ҳали тўлиқ бозор талабларига жавоб берадиган иқтисодиётга эга эмасмиз. Ҳукумат мураккаб мувозанатни ушлаб туриш учун ностандарт қарорлар билан ишлашга мажбур бўлаётганини рад этиб бўлмайди. 
Шундай шароитда ўзи тавсия қилган Ҳукуматнинг бу масаладаги фикрини эшитмасдан шовқин кўтариш, узоқни ўйламасдан иш қилишдан бошқа нарса эмас” деб ёзади депутат.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, айнан шу мунозара сабабли UzAuto Motors'нинг хорижий ҳамкори томонидан йирик лойиҳа тўхтатиб қўйилди. Бу минглаб ватандошларимиз учун режалаштирилган иш ўринлари эди. Даъво қаноатлантирилса, яхши, автомобиль нархлари мувофиқлаштирилади, харидорларга етказилган зарар қоплаб берилади...
Қаноатлантирилмасачи?!
Мамлакатнинг автомобилсозлик соҳасида йўқотишлар, етказилган зарарни қоплаш учун Рақобат қўмитаси раҳбариятининг истеъфоси ёки етакчи партиянинг узри етарли бўладими?
—  Қарор қандай бўлишидан қатъий назар ўтган беш йилликда ҳам, бу беш йилликда ҳам Ҳукуматни тавсия қилган (шу давр ичида автомобиль нархини белгилаб берган) ЎзЛиДеП бу можародан халқ ишончини суиистеъмол қилаётган бўлиб чиқаверади – таъкидлаган Алишер Қодиров. 
Эслатиб ўтамиз, ЎзЛиДеП депутатлари Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ваколат доирасида Uzauto Motors АЖда ўтказилган текширув якунлари бўйича олинган маълумот ва ҳужжатларда  қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётганлиги сабабли мазкур масалани алоҳида ўрганиб, жиноят аломатлари бор ёки йўқлиги юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва ваколат доирасида чоралар кўриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорига депутатлик сўрови киритганди.
1474views0replies
0

Изоҳлар