Излаш
RUUZ

Жамият

Ўзбекистонда илк марта маҳкумлар сони айтилди

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов сир тутиб келинган маълумотлар махфийликдан чиқарилгани ҳақида гапириб берди. 

1353views0replies
0

UzNews.uz

Ўзбекистонда бугунги кунда жазони ижро этиш тизимидаги маҳкумлар сони 22,9 минг нафарни ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 67 нафар шахс тўғри келади. Ушбу рақамлар биринчи маротаба маълум қилинган. Бу ҳақда ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов ўз интервьюсида айтди.
“Эътибор берган бўлсангиз, шу пайтгача сир тутиб келинган маълумотлар махфийликдан чиқарилди. Бир сўз билан айтганда, эндиликда жазони ижро этиш тизимида очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик амалда таъминланади”, деган ИИВ раҳбари.
Ушбу маълумотларнинг эълон қилиниши Ўзбекистоннинг мазкур рўйхатдаги кўрсаткичи 70 поғонага яхшиланишини кўрсатади. Ҳозирда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфида 43 жазони ижро этиш муассасаси ва 11 тергов ҳибсхонаси мавжуд. Муассасаларнинг 18 таси ёпиқ турдаги колония ва 25 таси манзил-колония ҳисобланади. Жазони ижро этиш тизимидаги колонияларнинг сиғимига нисбатан сақланаётганлар кўрсаткичи 56,4 фоизни ташкил қилмоқда.
Жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам бундан буён расмий сайтларда эълон қилиб борилади. Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар орасидаги ўлим ҳолатлари ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиладиган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар ҳам эндиликда махфий саналмайди.
Таъкидланишича, жазони ижро этиш муассасаларига қарашли корхоналарда 100 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг 80 фоизга яқини фойдали меҳнатга жалб этилган. 2019 йил ва жорий йилнинг ўтган даври давомида 3 минг 559 янги иш ўрни яратилиб, 1минг 352 нафар маҳкум меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди ва уларга тегишли сертификатлар берилди.
2020 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида шундай корхоналар томонидан 100,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ишлаётган ҳар бир маҳкумга ўртача 700-800 минг сўм, айрим мутахассисликлар бўйича эса, 1,5-2 миллион сўмгача ойлик маош берилмоқда.
1353views0replies
0

Изоҳлар