Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқлардан даромад олувчиларни солиқни тўлашга чақирди

Жисмоний шахслар 1 июлгача олган даромадлари бўйича 12 фоиз миқдоридаги даромад солиғини тўлашлари шарт.

1290views0replies
0

Instagram

Давлат солиқ қўмитаси “Giveaway” – ижтимоий тармоқлардаги фаолият билан шуғулланувчи шахслар қандай солиқ тўлаши ва муддати ҳақида маълум қилди.
Амалдаги қонунчиликка биноан, солиқ солинадиган даромадларга жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари, илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлари, моддий наф тарзидаги даромадлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлари ва солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган бошқа даромадлари киради. 
Агар жисмоний шахслар олган даромадлари солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган бошқа даромадлари бўлса, ушбу даромадлари жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиққа тортилади.
Бу ҳақда доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш лозим.
Хабарда айтилишича, ижтимоий тармоқларда реклама қилиш фаолияти (Giveaway) билан шуғуллувчи жисмоний шахслар олган даромадларидан 12 фоиз миқдоридаги ставкада даромад солиғи тўлашлари лозим (2020 йил 1 июлига қадар олган даромадлари бўйича).
Президентнинг жорий йил 8 июндаги қарорига асосан, ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилганди. Ушбу фаолият турлари рўйхатига АКТ соҳасида хизмат кўрсатиш – “Ижтимоий тармоқлардаги фаолият” (ижтимоий тармоқларда хизматларни илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори) тури киритилган.
Шунга биноан, Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жами даромадлари таркибига киритилмаслиги учун даромад солиғидан озод қилинади.
Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ижтимоий тармоқлардаги фаолият, яъни ижтимоий тармоқларда хизматларни илгари суриш ва реклама қилиш ҳамда ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори ўзини ўзи банд этган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса олган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади, дейилади қўмита хабарида.
Бунда меҳнат стажига эга бўлиш учун 2020 йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи (111,5 минг сўм) миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш лозим бўлади.
Эслатиб ўтамиз, қўмита аввалроқ мамлакатда ахборот коммуникация йўналиши бўйича (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобил иловалар ва веб сайтларни ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) 3 546 нафар шахс хизмат кўрсатаётганини маълум қилганди.
1290views0replies
0

Изоҳлар