Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХ ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда, Андижон давлат тиббиёт институти кафедра доценти Г.Қ. қўлга олинган. Бу ҳақда UzNews.uz'га Бош прокуратура хабар берди.
Доцент дастлаб фуқаро Ш.Б.ни мазкур институтга ўқишга киритиб қўйишга ваъда бериб, 8000 АҚШ доллари талаб қилган.
Бироқ ҳозирда институтга ҳужжатларни топшириш муддати ўтганлигини маълум қилиб, Қирғизистон Республикаси Ўш давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига талаб қилинган пуллардан 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан кафедра доценти Г.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.