Излаш
RUUZ

Бизнес

Президентнинг пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид фармони имзоланди

Тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор солиқ имтиёзлари жорий қилинади.

3076views0replies
0

president.uz

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.
Унга кўра, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор солиқ имтиёзлари жорий қилинади. Жумладан, –
–  умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилади;
–  жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилади;
–  мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади;
–  ижарага берувчиларга 2020 йил учун ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида, шу жумладан тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда ижара тўловини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.
Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинади. 
Президентининг 2020 йил 18 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган қуйидаги солиқ имтиёзлари ва преференциялари 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилган:
а) мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар:
– кичик тадбиркорлик субъектлари;
– бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун;
б) ижтимоий солиқ ставкасини 12 фоиздан 1 фоизга пасайтириш бўйича микрофирма ва кичик корхоналар учун берилган имтиёзлар (акцизости маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно);
в) божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан, товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини кечиктириш тақдим этиш;
г) микрофирма ва кичик корхоналарда 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундиришни тўхтатиш.
Умумий овқатланиш корхоналари ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкасини ишчиларнинг сонидан қатъи назар қўллайди.
Ваколатли органлар аудиторлар, риэлторлар, баҳоловчилар, актуарийлар, аптека ва уларнинг филиаллари мудирлари, туристик ташкилотларнинг ишчилари ва гидлар (экскурсоводлар), хорижий тилларга ўқитувчиларнинг 2020 йил 1 мартда тугайдиган малакавий сертификатлари муддатини навбатдаги малакавий имтиҳонларни ўтказиш санасига қадар узайтиради.
«Маҳалла» хайрия жамоат фондига, «Саховат ва кўмак» фондига, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига, шу жумладан уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига беғараз ёрдам бериш (беғараз ёрдам олиш) қисмида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларнинг амал қилиши 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.
14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, шунингдек, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича оналарга бериладиган нафақалар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашда жами даромадга киритилмайди.
3076views0replies
0

Изоҳлар