Излаш
RUUZ

Жамият

Тамагирликни касб қилган мухбирлар қўлга тушди. Уларнинг ёнидан АОКАнинг гувоҳномалари чиққан

Бухорода ўзларини Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вакиллари ва “Юрт салоҳияти” газетаси мухбирлари деб таништирган шахслар қўлга олинди.

1235views0replies
0

aoka.uz

Бухоро вилоятининг Олот туманида ўзларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вакиллари ва “Юрт салоҳияти” газетаси мухбирлари деб таништирган шахслар қўлга олинди.
Аниқланишича, мазкур шахслар Олот туманидаги деҳқон бозори, савдо дўконлари, кафе ва ресторанлар фаолиятига ноқонуний аралашиб, карантин қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текширувлар ўтказиб, салбий мақола чиқариш орқали савдо объектини ёптириш, жаримага тортиш ва ташкилот раҳбарини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш билан қўрқитган. 
Тадбиркорларнинг туман ИИБга қилган мурожаатидан сўнг уларнинг шахсига ойдинлик киритилди. Улар – 1975 йилда Тошкент вилоятида туғилган Х.Ш.Ш., 1976 йилда Тошкент вилоятида туғилган М.У.М. ва 1984 йилда Андижон вилоятида туғилган К.Э.М. эканлиги аниқланди.
Текширув давомида уларнинг ёнидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги” деган сохта ёзув киритилган, давлат герби ва байроғи туширилган хизмат гувоҳномалари, бозор ва савдо дўконларини тасвирга олган қўл телефонлари ва бошқа айрим тегишли ҳужжатлар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. Айни пайтда ушбу шахсларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида Олот туман ИИБ томонидан дастлабки терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мазкур ҳолатга муносабат билдириб, “Юрт салоҳияти” газетаси 2019 йил 19 сентябрда Агентликнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгани, муассиси «OLTIN ASR SERVIS» МЧЖ эканлигини маълум қилди. Шу билан бирга Агентлик ушбу нашр ва муассис Агентликка дахлдор эмаслигини ва хизмат гувоҳномасида Агентлик номи қонунга зид равишда киритилганини таъкидлаб ўтган.
1235views0replies
0

Изоҳлар