Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Икки йирик ташкилотнинг қора ва рангли металлар парчаларини тайёрлаш бўйича мутлақ ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин

Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга бериладиган мутлақ ҳуқуқлар, индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бекор қилишни назарда тутувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

1131views0replies
0

SFI Management Group

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган айрим хўжалик юритувчи субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бекор қилиш тўғрисида»ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.   
Унга кўра, рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга бериладиган мутлақ ҳуқуқлар, индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бекор қилишни назарда тутувчи Президент ва Ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Шунингдек, Президентнинг ва Ҳукуматнинг айрим ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилади.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, «Ўзметкомбинат» АЖ ва «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖнинг қора ва рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш (сотиб олиш) бўйича монопсонияси (мутлақ сотиб олувчининг ҳуқуқи) бекор қилиниши мумкин.
Шунга мувофиқ, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Ҳукуматга бозор тамойилларига мувофиқ такомиллаштирилган қора ва рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш (сотиб олиш) тартибини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда киритади:
«Ўзметкомбинат» АЖ ва «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ таркибидан ихтисослаштирилган қора ва рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини қабул қилиш пунктларни зарур транспорт ва махсус техника, асбоб-ускуна, бино, иншоот ва инфратузилмалар билан ажратиш йўли билан қора ва рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини сотиб олиш бўйича мустақил корхона ташкил этиш;
янги ташкил этилган корхона томонидан қора ва рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини фақат биржа савдоларида барча металдан ишланган буюмларни ишлаб чиқарувчиларнинг хом ашёларга тенг кириши таъминлаган ҳолда сотилиши;
хўжалик юритувчи субъектлар учун ишлаб чиқариш фаолияти натижасида ҳосил бўлган қора ва рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини ўз қувватлари билан ёки тегишли қора ва рангли металларни ишлаб чиқарадиган ихтисослашган корхоналарда маҳсулотни қайтариш асосида қайта ишлашга бўлган чекловларни олиб ташлаш. 
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 май куни Шавкат Мирзиёев иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид йиғилиш ўтказган ва унда айни вақтда 31та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолаётгани ҳақида айтиб ўтган эди.
«Дунё тажрибасини ўрганиб, ўз йўлимизни топишимиз зарур. Монополиядан чиқариш, рақобатни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича якдил йўналишимиз бўлиши керак», – дея таъкидлаган эди Шавкат Мирзиёев.
1131views0replies
0

Изоҳлар