21-22 декабрь кунлари Ўзбекистонда кучли шамол ва қор ёғиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кундузи -5…-7 даражагача пасаяди.
“Сизнинг хавфсизлигингиз ҳамда қулайлигингизни таъминлаш мақсадида, Amirsoy тоғ-чанғи курортига олиб борувчи ҳудуддан ўтишга фақат қишки шинали олд ғилдираклари тортувчи ёки тўрт ғилдирак тортувчи машиналар учун рухсат берилади“, - деб хабар бермоқда туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.
Бундан ташқари, Amirsoy тоғ-чанғи курорти автотураргоҳи 500 машинага мўлжаллангани боис, автотранспорт воситалари автотураргоҳнинг тўлишига қараб тўхтатилади.
Шунингдек, 22 декабрь куни олиб бориладиган профилактик ишлар ва ҳудудни тозалаш ишлари туфайли Amirsoy тоғ-чанғи курорти ўз фаолиятини тўхтатиб туради ва меҳмонларнинг ҳудудга кириши тақиқланади.