Излаш
RUUZ

Жамият

Акмал Саидов: “Мактабларни пулли қилиш – Конституциямизни бузиш”

“Конституциямизнинг 41-моддасида айнан Ўзбекистонда умумтаълим мактаблар бепул эканлиги кўрсатилган. Асосий Қонунни бузиш, унга қарши ишлаш асло мумкин эмас” – дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов.

1462views0replies
0

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирокида “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ижроси юзасидан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар бермоқда.
Очиқ мулоқотда Акмал Саидов болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида турар жой ва фуқаролигидан қатъий назар барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши кафолатланишини таъкидлаб ўтди.
Жумладан тадбирда:
– болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш;
– 14 ёшга тўлган бола, алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилинмаган бўлса, ўзининг таъминоти учун мустақил ота ёки онадан, агар улар билан яшамаётган бўлса бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатиши;
– болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилишда даъвогар давлат божи ва тўловлардан озод қилиниши;
– аёл ва эркаклар учун никоҳ ёши қатъий 18 ёш этиб белгилангани ва яна бир қатор енгиллик ва ҳуқуқлар яратилганини айтиб ўтилди.
“Мен бир масалада алоҳида тўхталишни истар эдим: сўнгги вақтда ижтимоий тармоқ ва аҳоли ўртасида кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган умумтаълим мактабларининг пулли қилиниши ва шу каби масалаларнинг барчаси – ассосиз даъво, – деди Акмал Саидов. – Конституциямизнинг 41-моддасида айнан Ўзбекистонда умумтаълим мактаблар бепул эканлиги кўрсатилган. Асосий Қонунни бузиш, унга қарши ишлаш асло мумкин эмас”.
Тадбир давомида Акмал Саидовга журналистлар томонидан мамлакатда бола ҳуқуқлари қай даражада ҳимояланиши борасида кўплаб саволлар берилди. Мазкур савол-жавоблар қуйида диалог шаклида эътиборингизга ҳавола қилинади.
Журналист:
– Нега бир оилада 3 та эгизак туғилганда, уларнинг фақат биттасига бола пули тўланади? Қолган иккита боланинг ҳуқуқлари поймол қилинган ҳисобланмайдими?
Акмал Саидов:
– Мен сизнинг саволингизга тўла қўшиламан. Учала болага ҳам албатта бир хил миқдорда ижтимоий ёрдам пули тўланиши шарт.
Журналист:
– Ота-онаси бўла туриб, фарзандини Меҳрибонлик уйларига топширадиганларга қарши бирор чора кўриладими?
Акмал Саидов:
– Афсуски, бугунги кунда Меҳрибонлик уйи болаларига яратиб бериладиган кенг имкониятлардан фойдаланиш мақсадида айрим ота-оналар боқиш имконияти йўқлигини пеш қилиб, фарзандини бундай уйларга топширишмоқда. Уларга қарши кескин чоралар кўрилгани ҳақида сизга аниқ маълумот айтолмайман, бироқ маҳалла фаоллари ва “Оила” марказлари ходимлари билан ҳамкорликда бу каби оилаларга ҳар бир фарзанд оилада камол топиши зарурлиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилади.
Журналист:
– Вояга етмаган болаларнинг ота-оналари томонидан ёки Меҳрибонлик уйи болаларининг тиланчилик қилишлари ҳолатлари кўпайган. Бунинг олдини олишга ёхуд фарзандини тиланчилик қилишга мажбурлаган ота-оналарга қарши чора қўллашга қайси давлат идораси кўпроқ масъул?
Акмал Саидов:
– Бугунги кунннинг оғриқли ва долзарб муаммоларидан бири айнан шу масала ҳисобланади. Ички Ишлар ходимлари ва маҳаллалар бу каби ҳолатларни назорат қилишади ва тегишли чораларни кўришади.
Журналист:
– Ўтган йилда болалар ҳуқуқининг бузилиши қайси ҳудудда ва қай жабҳада кўпроқ кузатилди?
Акмал Саидов:
– Сизга аниқ рақамлар билан статистикани келтиролмасам-да, айтишим мумкинки, Ўзбекистонда болаларнинг ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари нисбатан паст.
1462views0replies
0

Изоҳлар