Излаш
RUUZ

Жамият

Президентликка номзод бўлган Сарвар Отамуродов икки вазирлик фаолиятини танқид қилди

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Сарвар Отамуродов икки вазирлик фаолиятини танқид қилди.

19593views0replies
0

“Миллий тикланиш” партияси матбуот хизмати

Сарвар Отамуродовнинг таъкидлашича, сўнгги икки йил ичида ҳаёт умуман ўзгариб кетган. Олдинлари сиёсий партияларни ҳеч ким тан олмаган. Ҳозир эса ҳафтасига камида 2-3 та муаммо, масалалар кўтарилган хат вазирлик, идораларга кетяпти.
Сарвар Отамурадовнинг фикрича, оммавий ахборот воситалари, журналистлар савияси, кадрлар салоҳияти борасида ҳам айрим муаммолар бор.
"Ўтган йили биз республика бўйича маъданий мерос объектларини инвентаризация қилдик, – деган С. Отамуродов. – Аслида бу ишни Маданият вазирлиги қилиши керак эди. Улар бюджетдан бу иш учун пул олади, аммо қилмаган. Вазирлик қаерда нима жойлашганини ҳам яхши билмайди, маъданий мерос объектлари жойлашуви бўйича берган маълумотларнинг 30-40 фоизи нотўғри, объектларнинг баъзилари бузилиб кетган. Вазирлик маълумотига қарасак, республикада тахминан 7480 та объект бор, аслида улар 6975 та. Қолганлари-чи? Йўқ, жойи теп-текис, асфальт ётқизилган ёки умуман бузилиб кетган. Бундан ташқари, 370 та янги маданий объектни аниқладик. Бу йил ҳукуматга масала қўйдик, бу ишлар учун аввал ажратилаётган 50 миллиард пулни 67 миллиардга чиқардик. Маҳаллий бюджет харажатларидан ортган пулнинг бир қисмини мазкур муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича қарор қабул қилдик".
ЎзАда ёзилишича, Сарвар Отамурадов шунингдек Халқ таълими вазирлиги фаолиятини ҳам танқид қилган. “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги тарбияси оғир болалар учун мўлжалланган 4 та махсус мактабга бориб вазиятни ўрганган.
“Аҳвол криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талан-тарож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди. Мактабни битираман, деб турган ёшлар ҳарф танимайди, ўз исмини ҳам ёза олмайди. Бу жуда ачинарли, вазиятни ўрганиб бошимиз қотиб қолди. Қани бу ерда Халқ таълим вазирлигининг масъулияти, нега бу муаммоларга етиб боришмаяпти? Бу саволларга жавоб сўрайдиган вақт ҳам келди. Биз бу махсус мактаблардаги муаммоларни ҳукумат, Бош вазир даражасигача олиб чиқдик, прокуратура органлари ҳам шуғулланди. Ҳозир бироз бўлса-да вазият яхшиланмоқда", – деган Отамуродов.
Партия марказий кенгаши раисининг айтишича, Ёшлар иттифоқининг ҳам тақдим этаётган айрим статистикалари реал ҳаётга мос келмайди, амалда бу кўрсаткичлар умуман бошқача.
Эслатиб ўтамиз, Сарвар Отамурадов 2016 йилда Ўзбекистон Президентлигига номзод бўлган.
19593views0replies
0

Изоҳлар