Изқуварлар жиноий қилмишларнинг фош этилишини, муддатига кўра, икки турга ажратишади: бири нисбатан кўпроқ вақт талаб этса, иккинчиси шу заҳотиёқ ёки тез фурсатда ошкор бўлади.
Фирибгарликни яшириш, хаспўшлаган кўйи яна давом эттиришдан асло наф йўқ. Негаки, бундай жиноий йўл билан қўлга киритилган пул ёки мол-дунё ортида унинг ҳақиқий эгаси туради ва у вақти келганида ўзига она сутидай ҳалол бу бойликни ўзгалар илкига осонгина ёки қўшқўллаб топшириб юбормайди. Оқибатда жиноий кирдикор тез орада фош этилади.
Хивалик Севара Жуманиёзова ва Фарҳод Машариповнинг қилмиши ҳам ана шу тариқа тезда ошкор бўлди. Уқдирилганидек, уларнинг қуюшқондан чиққан хатти-ҳаракатини ўз молини ўз қўли билан оловга ташлашни истамаган, ён-атрофида содир бўлаётган лўттибозликларни эса, ҳазм қилолмаган З. Худойберганова фош этди.
Бу фирибгарлик жинояти тарихий обидалар маскани — қадимий ва навқирон Хива заминидаги 121-сонли ихтисослашган кўзи ожиз болалар мактаб-интернатида 2018 йилнинг бошида рўй берди. Қилмиши фирибгарлик сифатида талқин этилган ва пировардида Жиноят кодексининг 168-моддаси 2 ва 3-қисмлари "б" банди, 28,211-моддаси 1-қисми бўйича жавобгарликка тортилган С. Жуманиёзова кўзи ожиз фарзандлар таълим оладиган мазкур масканда тарбиячи, Ф. Машарипов эса, ушбу муассаса директорининг ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатган.
Алқисса, ҳар ишнинг ўз тартиб-таомили бор ва у сўзсиз адо этилмоғи керак. Ўтган йилнинг қиш чоғи ана шундай қатъий қоида асосида таълим-тарбия даргоҳида ишловчи мураббийларни касбий қайта тайёрлаш масаласи кун тартибига қўйилди. Мазкур курсда таҳсил олувчи муаллимлар сони 28 нафар ва уларнинг барчаси тегишли тартибда ўз билим-малакасини ошириши керак эди. Қайта тайёргарлик курсида таҳсил олувчилар сони анча кўплиги, таълим даргоҳидаги ўқув-тарбия машғулотларига халал етказмаслик, ходимларнинг малака ошириши билан боғлиқ сафар харажатларини тежаш мақсадида ўқувларни бевосита мактаб-интернатнинг ўзида сайёр тарзда ўтказишга қарор қилинди. Абдулла Авлоний номидаги Республика халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институти раҳбарияти бу борадаги сўровни оқибатсиз қолдирмади.
Тарбиячилар малакасини оширишга қаратилган машғулотлар февраль ойида шу масканнинг ўзида бошлаб юборилди.
Ҳалол ва покдомон кишиларнинг виждони ҳазм этолмайдиган ҳаром-ҳариш ишлар ўқув жараёни бошланмасдан рўй берди. Бу пайтда ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Ф.Машарипов тинчини йўқотди. Ўзини қўярга жой тополмай қолди. Малака ошириш ўз йўлига, бироқ наҳотки, шу, баҳона анча-мунча пул ишлаб олишнинг чораси топилмаса? Бу дунёда топилмас матоҳ, очилмас қулф, ечилмас жумбоқнинг ўзи йўқ.
Қисқаси, муовин ишга киришиб, ўқишга жалб қилинган 28 нафар тингловчиларнинг 19 нафаридан ўқишни ташкиллаштириш учун зарур, деган алдов билан 15,5 миллион сўмга тенг 1 900 АҚШ долларини қўлга киритади. Ўқув машғулотларининг якунида эса, Ф. Машарипов қайта тайёрлаш машғулотларига жалб этилган 28 нафар тингловчига гуруҳбоши қилиб тайинланган С. Жуманиёзованинг кўнглига қулоқ тутди. Гуруҳбоши рози. Шу боис, директор муовини гуруҳдаги ҳар бир тингловчига ўқиш якуни бўйича ҳимоя қилинадиган тайёр диплом ишларини олиб бериш ва Тошкент шаҳридаги танишлари орқали уларни ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатишни ваъда қилди, С. Жуманиёзова унинг 150 АҚШ доллари ва 50 минг сўм миқдорида пул йиғиш ҳақидаги топшириғини адо этишга киришди.
Малака ошириш курсида таҳсил олаётган 7 нафар ходим ўзига тегишли жами 8,4 миллион сўмга тенг 1 050 АҚШ доллари ва 200 минг сўм миқдоридаги маблағни гуруҳбоши аёлнинг қўлига топширди.
Аммо гуруҳдаги бошқа тингловчилар сукут сақлаб туришди. Буни кўриб, директор муовини ва гуруҳбоши масалани кўндаланг қўйишди: башарти, валломат эсанг-да, машғулотлар якунида бўладиган имтиҳонлар ва диплом ҳимоясидан биронтанг ҳам ўтолмайсан!
Бунинг энг мақбул чораси сифатида ёқланиши зарур бўлган тайёр "диплом иши" жилдларини Тошкентдан топиб келтиришни таклиф этишди.
Иш усиз битмаслигини қайта-қайта писанда қилиб ўтишди.
Қинғирлик беиз кетмаслиги аниқ. "Чўз-чўз"лардан зада бўлган тингловчилардан бири З. Худойберганова шикоятга жазм этди.
Маърифий масканга уя қурган нопок кимсаларнинг фирибгарликдан иборат қилмишини фош этишга киришди. Машъум жиноий кирдикорлик ана шу тариқа барҳам топди. Малака ошириш жараёнида жилла бўлмаса, фириб қурбонига айланаёзган И. Ғаффорова, Г. Наримонова, Я. Рўзиматова, М. Жуманиёзова, Ш. Бобожонова, Ф. Маткаримова, И. Майлиев, Г. Ибодуллаева, М. Мадаминова, Ю. Раҳмонова, М. Мадиёрова, Ф. Оллаберганова, А. Болтаева, Д. Раҳимова, Ш. Эгамберганова, Б. Иброҳимова, Ю. Маткаримова, З. Муродовалар судда фуқаровий даъвогар сифатида иштирок этиб, таълим-тарбия масканида юз берган воқеалар тафсилотини баён этишди.
Суд ушбу кўрсатмалар ҳамда тергов органи ҳужжатларини атрофлича таҳлил ва талқин этди, айбланувчиларнинг қилмишини умумлаштирилган тарзда эмас, алоҳида ва воқеаларнинг ҳақиқий манзарасини тўла ойдинлаштирган ҳолда ўрганди. Бу жараёнда судланувчи С. Жуманиёзова 7 нафар ҳамкасбини алдаш йўли билан қўлга киритган 1 050 АҚШ доллари ва 200 минг сўм миқдоридаги маблағни шахсий манфаатини кўзлаб ўзлаштирмагани, ундан фойда кўрмагани, директор муовинига олиб бориб бериш билан чеклангани маълум бўлди. Шунингдек, Ф. Машарипов 19 нафар тингловчидан ўзлаштирилган маблағни аввалига мактаб эҳтиёжларига, яъни компьютер ва ўқув жиҳозларини сотиб олишга сарфлашини айтган бўлса-да, бироқ пулларни шахсий мақсадлари йўлида ишлатган. Суд масаланинг бу жиҳатини алоҳида ўрганиб, тергов органи томонидан гумонланувчилар гарданига юклатилган айнан бир хил айбни бирмунча ўзгартириш лозим, деган хулосага келди. Чунончи, судда С. Жуманиёзованинг 19 нафар тингловчининг пулини ўзлаштиришда иштироки мавжуд эмаслиги, унинг ўзи ҳам Ф. Машариповга пул бергани, шунингдек, жиноийлиги олдиндан аён бўлган топшириқни ғайриқонуний эканлигини била туриб, пулларни йиғиб олишда ёрдам бериб, фирибгарлик ва пора беришга далолат қилишдан иборат жиноят содир этишда иштирокчилик қилгани назарда тутилди. Бу эса, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми ва шу модданинг 3-қисми "б" бандлари, 28,211-модда 1-қисми бўйича терговда қўйилган айбни ушбу кодекснинг 28,168-моддаси 2-қисми "б" банди ва 28,211-моддаси 1-қисмига қайта малакалашга сабаб бўлди. Ф. Машариповнинг айби ҳам бирмунча енгиллаштирилди. Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми "б" банди бўйича қўйилган айб юзасидан тайинланиши лозим бўлган жазо унинг зиммасидан соқит қилинди. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми бўйича қўйилган айб эса, аслича қолдирилди. Жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, С. Жуманиёзова энг кам ойлик иш ҳақининг 35, Ф. Машарипов эса, 75 баравари миқдорида жарима жазосига тортилди. Давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда 2 йил мобайнида мансабдор ва моддий жавобгар шахс мақомидаги фаолиятдан маҳрум этишга оид жазо чораси эса, ҳар иккала судланувчига нисбатан бир хилда қўлланилди. Суд жабрланувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳам ҳимоя қилди. Алдов йўли билан ўзлаштирилган пуллар судланувчилар ҳисобидан ўз эгаларига қайтариладиган, пора беришга далолат қилинган 1 050 АҚШ доллари ва 200 минг сўм эса, давлат эгалигига ўтказиладиган бўлди.
Ҳақиқат ва адолат шу аснода қарор топди. Ҳаром луқма барибир тешиб чиқди.
Қилмишнинг қидирмиши бу жирканч амалга қўл урганларни ҳар қандай ҳолатда ҳам излаб, йўқлаб келиши ва пировардида қонун сўровига рўпара этиши уларга нисбатан гарчи енгилроқ эса-да, тайинланган жазода аниқ-равшан намоён бўлди.
Ақлли, ҳушли, фаҳм-фаросатли кишилар кўра-била туриб, ўз-ўзларини чоҳга ташламайдилар, пул, мол-дунё ёхуд ўткинчи амал инсоний ғурур, обрў-этибор, ор-номусни қонун ва виждон талаб-тақозоларидан устун қўймайдилар. Бу янглиғ охири вой жирканч қилмишга ақл-идрок, онг-шуур, фаҳм-фаросатдан мосуво кимсаларгина қўл уриши мумкин.
Эртасини ўйлаган, виждонли кишилар эса, бундай жирканч қилмишдан ҳазар қилади. Юртимиз эзгу фазилатли кишиларнинг пойқадами, меҳнати, матонати, фидоийлиги боис яшнаб, яшаради, фаровонлик, тараққиётга юзланади. Буни унутмаслик даркор.
Муроджон Ҳасанов,
жиноят ишлари бўйича
Хива тумани судининг раиси