Излаш
RUUZ

Жамият

Экстремистик ғояларни тарқатган 23 ёшли йигит қўлга олинди

У.Машариповга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

4224views0replies
0

UzNews.uz

Саодатли бугунимиз ва буюк келажагимиз билан боғлиқ ана шу олижаноб ғоялар, жамият аъзоларининг муштарак орзу ва мақсадлари ҳар қандай ғаразли қилмишлар ва бузғунчи қарашларни юртдошларимиз орасига ёйишга изн бермайди.
Хазорасплик Умид Машарипов кўпчилик ёқлайдиган бундай ёруғ мақсадларнинг моҳиятини тушуниб етмади. Замон тамойилллари, қонун талабларига зид ғояларни бошқалар онгига сингдиришга қаратилган қилмиши аслида диний ақидапарастлик ва терроризм ғояларини одамлар орасига ёйишдан иборат қабиҳ жиноят эканини англамади.
Таъкидлаш жоиз: ақли расо, виждони ва иймон-эътиқоди бут кишилар яхшини ёмондан, тўғрини эгридан, баландни пастдан, оғирни енгилдан шу заҳотиёқ фарқлайдилар. Ноқис бандаларгина бундай салоҳиятдан мосуводир.
Умид ҳали ёш — 1995 йил туғилган бўлишига қарамай, ақл-ҳуши, кучи, билими ўзига етарли бўлган юртдошларимиздан. Аммо қарашлари ғаразли.
Ақлини танибдики, бузғунчилик ғоялари изидан юради. Дунёвий илм ва билим, ҳалол ва фидоий меҳнат унинг учун кераксиз матоҳдай гап. Ёт ва бузғунчи ғояларга тўла шубҳали амалларни ўрганиш, бунинг устига бошқаларга тарғиб қилишдек қабиҳ қилмишга боши билан шўнғиган.
Дилини моғор босган бандамасми, ҳар бир яхшилик, эзгуликдан ёмонлик излади. Шу аснода чексиз Интернет оламининг ҳаммага бирдай маъқул ва мақбул, фойдали, ижобий ва эзгуликка ундовчи жиҳатлари бир четда қолиб, уруш ва зўравонликнинг совуқ турқи акс этган бузғунчи ва зарарли саҳифаларини титкилашга тутинди. Ундаги ғаразга тўла тасвир ва битиклар билан онгини заҳарлай бошлади.
У ишни энг содда юмуш — намоз илми ва амалларини оми "шогирд"ларга ўргатишдан бошлади. Умиднинг ўргимчак мисоли шум ниятлар билан тўқиган тўрига дастлаб таниши А. Эшонов тушди. Интернет бу жабҳада ҳам унга қўл келди.
Умид А. Эшоновга намоз амалларини ўргатиш баҳонасида терроризм, уруш, қўпорувчилик, зўравонлик, диний ақидапарастликка даъват этувчи ёт қарашларни ўзида акс эттирган аудио ва видео лавҳалар жойланган ёзув ҳамда тасвирларни узлуксиз етказиб турди. Оғзаки даъватни эса, кундалик машғулотга айлантирди.
Сўнгра у Интернет тармоғида ўз саҳифасини очди. Ушбу тизим орқали жўнатилаётган материаллар ким томонидан ва қайси мақсадда тўпланаётгани ва тарқатилаётганини сир сақлаш ниятида исмини ўзгартирди: "Абдуллоҳ" номини олди.
Интернет маконидан уруш ва қўпорувчиликнинг қўланса ҳиди анқиган жирканч ва даҳшатли манзараларни излаш, йиғиб олиш ва тарқатишга қаратилган ҳаракатлар беиз кетмади. ўаразли ниятларда тўпланган даъват, ахборот ва тарғибот-ташвиқот материаллари иккита DVD дискни тўлдирди. Уруш, террор ва зўравонликнинг даҳшатли манзараларини ўзида акс эттирган фотосуратлар сони эса, 18 тага етди.
Умид бу бузғунчи ахборотни одамлар орасида пинҳона тарқатишдек хуфя ва ножўя ишни А. Эшоновнинг қўли билан амалга оширишни кўз-лаган эди.
Аммо... "шогирд" деб ишонгани "ношуд" чиқди. "Домла"нинг измига юришдан гоҳ очиқ, гоҳ зимдан бош тортди. У. Машарипов кирган йўл инсонни бир кунмас-бир кун чоҳга тортишини фаҳмлаб етди.
Дарҳақиқат, шундай: қалтис йўл кишини ҳамиша чоҳга бошлайди, умрини абгор, обрў-нуфузини эса, чилпарчин этади. Умид ҳаётнинг кенг ва нурафшон йўлларига чиқмаёқ ана шундай қисматга дуч келди. Хайрият, унинг жиноий фаолиятига ўз вақтида нуқта қўйилди.
У. Машарипов суд ва терговда ўз қилмишларини қисман тан олди.
Омилиги, махсус диний таълимга эга эмаслигини пеш қилди. Ўзи тарқатган материаллар кишилар онгини заҳарлашга хизмат қилмаслигини уқтиришга ҳам уринди.
Умиднинг бу иддаолари ваколатли орган — Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Хоразм вилоят вакиллиги томонидан синчиклаб ўрганилди. Диний идора У. Машарипов томонидан тўпланган ва тарқатилган материаллар, аслида, диний ақидапарастликка қаратилганлигини судга расман маълум қилди.
Шу маънода У. Машарипов жиноий фаолияти мисолида Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз қилишга оид 159-моддаси 1-қисми ҳамда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишга доир 244-1-моддаси 2-қисмида баён этилган жиноий ҳолатлар юз берганлигини англаш қийин эмас.
Лекин тергов органи У. Машариповни ушбу кодекснинг 244-моддаси бўйича айблар экан, унинг қилмишини қонун ва амалдаги ҳолатлар тақозосидан бир мунча чекинган ҳолда мазкур модданинг 3-қисми билан малакалади.
Фақат суд бу ҳолатни бартараф этди. Судланувчининг айбини қайд этилаётган модданинг 3-қисмидан 2-қисмига қайта малакалади.
Тайинланган жазо ҳам шунга яраша бўлди. Эътиборли жиҳати, айбланувчи озодликдан буткул маҳрум этилмади. Унга нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шу муносабат билан Умидга ўз оиласи бағрини тарк этмаган ҳолда ўзини-ўзи тарбиялаш, нуқсону қусурлардан халос бўлиш, ҳаётнинг равон ва тўғри йўлларига чиқиш, жамиятда ўрнини топиш имкони берилди. Энди бари унинг ўзига, уни қуршаган қадрдон оиласи, яқинлари, маҳалла жамоатчилиги саъй-ҳаркатларига боғлиқ.
Бинобарин, халқимиз юртдан чиқсанг-да, элдан чиқма, деб бежизга айтмаган. Бу нақл ўз уйига ўзи тош отганлар учун ибрат ва сабоқдир.
Шуҳрат РАЗЗОҚОВ, жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг судьяси
4224views0replies
0

Изоҳлар