Излаш
RUUZ

Жамият

Энди Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб қўйилмайди

ЙҲ қоидаларини бузган шахсларга SMS хабарнома юборилади.

4364views0replies
0

UzNews.uz

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2018 йил 20 октябрдаги “Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий жарималарни тўлашнинг биллинг тизимини жорий этиш тўғрисида”ги буйруғи жорий йилнинг 1 ноябридан кучга киради. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ айнан 1 ноябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий жарималарни тўлашнинг биллинг тизими тажриба тариқасида ишга туширилади.
Эндиликда жорий этилган “Маъмурий амалиёт” комплекс автоматлаштирилган ахборот тизимидан (КААТ) фойдаланган ҳолда транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши биринчи марта ёки такроран содир этилаётганлиги бўйича факт планшет телефонлар ёрдамида воқеа жойининг ўзида реал вақт режимида аниқланади.
Энг асосийси, биллинг тизимидан фойдаланишда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб қўйилмайдиган бўлди. Тўғридан-тўғри транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилишни назарда тутувчи моддасида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустаснодир.
Қоидабузарга жарима мобиль алоқа операторлари орқали биллинг тизимидан фойдаланган ҳолда SMS шаклда ҳамда “Ўзбекистон почтаси” АЖ орқали юборилиши маълум қилинган.
4364views0replies
0

Изоҳлар