Излаш
RUUZ

Жамият

Жаҳонгир Умаров “иши” бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ишдан олинди

Тадбиркор Жаҳонгир Умаровнинг Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан қўлга олингани ва унинг тергов қилингани ортидан ИИВ хизмат текширув ўтказди. Натижада ЖҚБ ходими, терговчи лавозимидан озод этилди.

10134views2replies
0

UzNews.uz

Хабарингиз бор, Олмазор туман жиноят ишлари бўйича суди ўз биносида тадбиркор Жаҳонгир Умаров “иши” бўйича суд-тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
Ҳозирда, гувох ва холислар судда ўз кўрсатмаларини беришмоқда.
Айни мана шу пайтда, адвокатлар томонидан Жаҳонгир Умаровнинг қўлга олиниши, уни Тошкент шаҳар ИИББ биносида калтаклангани ва унга нисбатан бўлган тергов ҳаракатларида бир қатор қонун бузилишлар бўлганлиги айтилиб, бу ҳолат бўйича ИИВ томонидан хизмат текшируви ўтказилиши борасида судга илтимоснома билан мурожаат қилинган.
Судга раислик қилувчи Зафар Бобонов бу бўйича ажрим чиқарди ва айни мана шу Ажрим юзасидан Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилди.
Ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш ўрнига, уларга масъулиятсизлик билан қараб, 2018 йил 22 январь куни соат 21:00да Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 224-моддаси тартибида ушланиб, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига олиб келинган вақтида фуқаро Ж.Умаров танасида ўтказилган кўрик давомида “юз, елка, иккала тизза, қовурға, тери усти, иккала оёқ остларида кўкариш ва шилиниши” кўрнишидаги бир қатор тан жароҳати белгилари мавжуд бўлса-да, ушбу тан жароҳатлари гўёки, Ж. Умаровнинг сўзидан йиқилиб олганлиги ҳақида асослантирилмаган далолатнома тузишган.
Аниқланган тан жароҳатлари бўйича тиббий маълумотнома олиш чораларини кўрмаганликлари, ҳолат бўйича назорат қилувчи прокурорга хабар бермаганликлари, терговчининг озод қилиш ҳақидаги қарори ижросини таъминламаганликлари, бундан ташқари 2018 йил 23, 24, 25, 26, 27, 29, 30, 31 январь ҳамда 1 февраль куни Ж. Умаровни тергов органларининг рухсатисиз ва конвой кузатувисиз тезкор ходимларга бериб юборишганлиги оқибатида фуқаролар томонидан ички ишлар органлари ходимларига нисбатан салбий фикрлар туғилишига йўл қўйганликлари, ушбу хатти-ҳаракатлари билан ИИВнинг 2016 йилдаги 82-сонли, 2017 йилдаги 171-сонли буйруқ талабларини қўпол равишда бузганликлари учун бир қатор ходимлар “жазоланди”.
Жумладан, Тошкент шаҳар ИИББ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси собиқ инспектори сержант Шарипов Равшон Садуллаевич ва ППХ ва ЖТСБ бўлинмалари вақтинча сақлаш ҳибсхонаси инспектор-навбатчиси сержант Аширалиев Баҳром Мирзаахмедовичларга “Хайфсан” интизомий жазоси, катта сержант Усмонов Бахтиёр Имомхўжаевичга эса “Қаттиқ хайфсан” интизомий жазоси тайинланди.
Тадбир давомида йўл қўйган камчилик ва хатолари учун эса ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили подполковник Маҳмудов Абулазим Абдулкаимович, Бўлимнинг катта тезкор вакили подполковник Закиров Азиз Абдукадирович, катта тезкор вакил подполковник Нурмухамедов Юсуфбек Рафиковичларнинг ҳар бирига “Хайфсан” эълон қилинган.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили майор Нурутдинов Фатхиддин Садритдинович эса ички ишлар органларидан бўшатилди.
Фуқароларда тергов органларининг фаолияти шаффофлигига шубҳа пайдо бўлишига сабабчи бўлганлиги, шошма-шошарлик билан жиноят ишини тамомлагани ва қатор камчиликларга йўл қўйгани учун Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси майор Якубов Жасур Махмуджонович эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи майор Абдураҳмонов Улуғбек Ойбековичга “Қаттиқ хайфсан” берилди.
Шунингдек, ўз хизмат вазифаларини тўлиқ бажармаган Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМ шахсни идентификация қилиш бўлими бошлиғи подполковник Шакиров Шахзод Акмалджанович ва шу бўлим катта эксперти капитан Каримов Сардор Шухратовичларга интизомий жазо бериш масаласи Тошкент шаҳар ИИББ “Интизомий кенгаш”да кўрилиши ҳам хизмат текширув хулоласасида кўрсатиб ўтилган.
Хизмат текширув хулосаси нусхаси Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судига, маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган.
Ушбу хизмат текшируви хулосаси шахсий таркиб ўртасида кенг муҳокама этилиб, келгусида жойларда юқорида қайд этилган ҳолатларга йўл қўймаслик ва олдини олиш учун аниқ амалий чора-тадбирлар белгиланиши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари-Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Р.М. Джураев зиммасига қолдирилган.
10134views2replies
0

Изоҳлар