Излаш
RUUZ

Жамият

МИБ ноқонуний тарзда тадбиркорнинг банкдаги ҳисобига таъқиқ қўйди

438 млн. сўм қарз ва 8 млн.760 минг сўм ижро йиғими, жами 446 млн. 760 минг сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилиниб, корхонанинг банкдаги ҳисоб рақамига банд солинган.

6688views0replies
0

UzNews.uz

Бугунги кунда судлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда ишончли ҳимоя қилувчи, янада аниқроқ айтганда, ҳақиқатни қарор топтирувчи чинакам адолат қўрғонига айланиб бормоқда.
Айниқса, яқинда ташкил этилганига бир йил тўлган маъмурий судлар томонидан мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёки уларнинг ғайриқонуний қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан берилган аризаларни кўриш жараёнида адолатли қарорлар қабул қилинмоқда.
Масалан, Янгийўл туманидаги "BARAKA TEKSTIL EKSPORT" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Шарифжоновнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Янгийўл туман бўлими давлат ижрочисининг хатти-ҳаракатлари устидан берган шикоятини судда кўриш жараёнида ҳам бу ҳолат яққол намоён бўлди.
Айтиш керакки, Д. Шарифжонов судга мурожаат этаркан, давлат ижрочисининг 2018 йил 26 январдаги "BARAKA TEKSTIL EKSPORT" масъулияти чекланган жамиятининг АТ "Ипак йўли банк"даги асосий ва бошқа барча ҳисоб рақамларига банд солиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
Бу ҳақда гап борганда шуни қайд этиш керакки, "BARAKA TEKSTIL EKSPORT" масъулияти чекланган жамияти собиқ "ELNUR AND RUSLAN TEXTLE" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонанинг ҳуқуқий вориси саналади.
Суд жараёнида маълум бўлишича, 2015 йил 28 декабрда Тошкент вилояти хўжалик судининг жавобгар "ELNUR AND RUSLAN TEXTLE" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонасидан даъвогар "O'Z ANADOLU KIMYA" масъулияти чекланган жамияти фойдасига 87.469,94 АҚШ доллари миқдоридаги қарзни ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қабул қилинган. Шу боис Суд ижрочиларининг Янгийўл туман бўлими томонидан ижро иши юритиш қўзғатилиб, 2016 йил 24 мартда жавобгарнинг АТ "Ипак йўли банк"даги асосий ва бошқа барча ҳисоб рақамларига ойлик иш ҳақи ва бюджет тўловларидан ташқари кириш қисми очиқ қолдирилган ҳолда қарздорлик қоплангунга қадар банд солинган. Натижада шу куниёқ Республика Марказий банки томонидан белгиланган валюта курсидан келиб чиқиб, "ELNUR AND RUSLAN TEXTLE" масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамидан Суд ижро бўлими ҳисоб рақамига 273.011.150 сўм ундирилган.
Тошкент вилояти адлия бошқармасининг 2016 йил 1 апрелдаги "Юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида"ги гувоҳномасига асосан "BARAKA TEKSTIL EKSPORT" масъулияти чекланган жамияти "ELNUR AND RUSLAN TEXTLE" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланган. Бинобарин, суд ижрочиси 2016 йил 16 майда давлат божи ва ижро йиғимини ҳуқуқий ворисдан ундирган. Аммо юқоридаги маблағлар "O'Z ANADOLU KIMYA" масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига ўтказилишида банк томонидан конвертация қилинмаган.
Буни қарангки, орадан салкам 2 йил ўтиб, яъни 2018 йил 26 январда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Янгийўл туман бўлими давлат ижрочиси томонидан "BARAKA TEKSTIL EKSPORT" масъулияти чекланган жамиятидан 438.000.000 сўм қарз ва 8.760.000 сўм ижро йиғими, жами 446.760.000 сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилиниб, жамиятнинг банкдаги ҳисоб рақамига банд солинган. Яъни давлат ижрочиси аввал ундирилган маблағ конвертация қилинмагани сабабли АҚШ доллари расмий курсининг 2016 йил мартдан 2018 йил январгача бўлган вақтдаги тафовути эвазига 446,7 миллион сўмни ҳисоблаб чиқарган. Ваҳоланки, Суд ижрочиларининг Янгийўл туман бўлими суд ижрочиси ўша пайтда банкка маблағни конвертация қилиш мажбуриятини юкламаган ва бунга оид бирорта ҳам ҳужжат тақдим қилмаган. Шунинг учун банк конвертацияни амалга оширмаган.
Агар судда маъмурий органларнинг ҳужжатлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашилаётган бўлса, бундай ҳолатларнинг қонунийлигини исботлаш мажбурияти ўша органлар ва мансабдор шахслар зиммасига юклатилади. Мазкур органлар ва мансабдор шахслар ўз эътирозларига асос қилиб келтираётган фактларни ҳам тасдиқлаши шарт. Бироқ Мажбурий ижро бюроси Янгийўл туман бўлими давлат ижрочиси ўз ҳаракатларининг қонунийлигини исботловчи далилларни судга тақдим қилмади.
Ана шу асосларга таянган суд Дилшод Шарифжоновнинг шикоят аризасини қаноатлантириб, Мажбурий ижро бюроси Янгийўл туман бўлими давлат ижрочисининг 2018 йил 26 январдаги "BARAKA TEKSTIL EKSPORT" масъулияти чекланган жамиятининг АТ "Ипак йўли банк"даги асосий ва бошқа барча ҳисоб рақамларига банд солиш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда бўлим зиммасига масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига солинган тақиқни ечиш ва инкасса топшириқномасини чақириб олиш мажбуриятини юклаш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Бу ҳақда, “UzNews.uz”га Янгийўл шаҳар маъмурий суди раиси Санжар Исақулов хабар берди.
6688views0replies
0

Изоҳлар