Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Сурхондарёда кучли сел босгани акс этган видеолар тарқалган эди.
Жорий йилнинг 21 март куни тахминан соат 19:10 атрофида Қумқўрғон тумани ҳудудидаги қир-адирликларда кучли ёмғир ёғиши натижасида йиғилган ёмғир сувлари Арнали сой орқали «Элобод» маҳалласига кириб келган. Кўп миқдордаги ёмғир сувлари маҳалла ҳудудидаги ички сув тармоқларига сиғмасдан, ҳудуддаги 2 та ички кўчаларда жойлашган 47 та хонадоннинг ҳовли ва томорқаларига, айрим турар-жойлар ичкарисига кирган.
Шунингдек, кучли ёмғир сувлари «Азларсой» сойидан тошиб, сой қуйисида жойлашган «Азларсой» маҳалласи ҳудудидаги 5 та ички кўчаларда жойлашган 56 та хонадоннинг ҳовли ва томорқаларига, айрим турар-жойларга сув кирган.
Тошқин оқибатларини бартараф этиш ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, «Азларсой» маҳалласидаги 56 та хонадондан 210 нафар ва «Элобод» маҳалласидаги 32 та хонадондан 150 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудда жойлашган яқин қариндошларининг уйларига вақтинча кўчирилди.
Қумқўрғон тумани «Элобод» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-41 «Алмата-Бишкек-Душанбе-Термиз» автомобиль йўлининг 1535-1536 км оралиғида транспорт воситалари ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, вақтинчалик ҳаракат чекланиб, сув тошқинлари тугаганидан сўнг, йўлга йиғилган лойқалар махсус техникалар ёрдамида тозаланиб, икки томонлама транспорт қатнови тўлиқ тикланган.
Тезкор тадбирларга 462 нафар ходим, 7 та техника, 11 та мотопомпа, 24 та муҳандислик техникалари жалб қилинган.
«Юзага келган сув тошқинлари оқибатида жароҳат олганлар йўқ”,- дейилади хабарда.