Ўзбекистон ДХХ раҳбари Абдусалом Азизов Кобулда Афғонистон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб билан учрашди. Бу ҳақда Афғонистон Мудофаа вазирлиги Х (Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Томонлар давлат чегараларини мустаҳкамлаш, икки томонлама ва иқтисодий муносабатлар, шунингдек, транспорт соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Суҳбат чоғида Муҳаммад Ёқуб икки давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланганини таъкидлаб, уларни янада ривожлантириш ниятини билдирди. У Афғонистон хавфсизлик ва мудофаа кучлари барча соҳаларда ривожланиш лойиҳаларини амалга оширишда ҳар қандай ҳамкорлик ва ёрдам кўрсатишга қодир, деб ишонтирди.
Ўзбекистон томони, шунингдек, Афғонистон билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва афғон халқини турли соҳаларда қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.