“UzNews.uz” Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан ҳамкорликда янги Тоштурмадан эксклюзив видео ва фоторепротаж тайёрлади.
Албатта, кўпчилик учун қизиқ бўлган бу “жой” ҳозирда қандай кўринишда эканлигини эътиборингизга ҳавола этилаётган қуйидаги видео ҳамда фотосуратлар орқали билиб олиш имконига эга бўласиз!
Тошкент шаҳрида бўлган, Марказий Осиёдаги ғишт ва тошдан қурилган энг эски ҳибсхона саналмиш УЯ 64/1-тергов ҳибсхонасини Тошкент вилояти Зангиота туманида янгидан қурилган тергов ҳисбхонасига кўчириш тўғрисидаги қарорига асосан халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган янги бинога кўчирилганлиги эса инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг кафолатлари мамлакатимизда олий қадрият сифатида тўлақонли кафолатланган бўлиб, доимий равишда давлат ҳимоясида эканлигини ифодалайди.
Тартибот биноларини лойиҳалаштиришда иқлим шароитлари, санитария ва хавфсизлик талаблари, жазони ижро этишга оид барча жиҳатлар ҳисобга олинган. Уларни қуриш ва жиҳозлашда замонавий технология ва материаллардан фойдаланилган.
Жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, сақланаётган маҳбусларга ҳар томонлама қулайлик яратишга қаратилаётган эътибор ҳибсхона ҳудудига кираверишдаёқ кўзга ташланади.
Ошхона, кутубхона, ювиниш хонаси ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш хоналари яшаш ва фойдаланиш учун ҳар томонлама қулай. Махсус контингентга зарур бўлган тиббий ёрдамни кўрсатиш ва уни ташкиллаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни сақлаш учун энг сўнгги русумдаги музлаткичлар ўрнатилган. Янги тергов ҳибсхонасининг алоҳида жиҳати шундаки, маҳкум ва маҳбусларни сақлашга мўлжалланган бинолар қурилишида шамол йўналиши, қуёш нурининг тушишигача ҳисобга олинган.
Жумладан, халқаро ва замон талабларига тўлиқ жавоб берувчи қурилиши ва жиҳозланиши билан МДҲ давлатлари орасида ягона ҳисобланган ушбу ҳибсхона 8 қиррали юлдуз шаклида қурилиши камераларга ҳар томондан ёруғлик тушишини таъминлайди.
Ҳибсхонада сақланаётган маҳкум ва маҳбусларнинг жиноят ижроия қонунчилигида белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш мақсадида яқин қариндошлари билан учрашув хоналари, алоҳида адвокатлар хонаси ҳам белгиланган талабларга тўлиқ жавоб беради.