Марказий банк томонидан 2020 йилнинг 9 ойи якуни бўйича тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари тайёрланди.
Қайд этилишча, дастлабки кўрсаткичлар тезкор маълумотлар ва экспертлик баҳолашлар асосида тузилганлиги сабабли улар якуний маълумотлар билан фарқ қилиши мумкин.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилнинг 9 ойи учун тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 2019 йилнинг 9 ойига нисбатан 63 %га камайиб, 663 млн долларни ташкил қилган.
"Ушбу ҳолат импорт ҳажмининг экспорт ҳажмига нисбатан юқори суръатларда қисқариши, халқаро пул ўтказмаларининг деярли ўтган йил даражасида сақланиб қолиши ва олтин нархининг жахон бозорида ўсиши каби омиллар билан изоҳланади", дейилади МБ маълумотида.
Шунингдек, жаҳон бозорларида энергия ресурслари нархининг тушиши ҳамда коронавирус пандемияси ортидан жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг секинлашиши товарлар ва хизматлар экспорти ҳажмига ўз таъсирини кўрсатиб, 2019 йилнинг 9 ойига (12,9 млрд доллар) нисбатан 1,1 млрд долларга қисқариб, 11,8 млрд долларга тенг бўлган.
Товарлар ва хизматлар импорти эса ўтган йилнинг мос даврига (19,5 млрд доллар) нисбатан 3,4 млрд долларга қисқариб, 16,1 млрд долларни ташкил этган.
МБ маълумотига кўра, савдо балансининг манфий сальдоси 2019 йил 9 ойига нисбатан 35 фоизга яхшиланиб, 4,3 млрд долларни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, маълумотлар тўлов баланси ва халқаро инвестицион позиция бўйича қўлланма (ТБҚ6) услубиятига мувофиқ тузилган бўлиб, Давлат статистика қўмитасининг савдо баланси кўрсаткичларидан фарқ қилиши мумкин.
"Бирламчи даромадлар ва трансфертларнинг ижобий сальдоси жисмоний шахсларнинг халқаро қатнови сезиларли қисқаргани ва резидентларга хориждан келган трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўзгаришсиз қолганлиги ҳолатида 25 фоизга камайди.
Ўз навбатида, норезидентларнинг инвестицион даромадлари (қарзлар ва хорижий инвестициялар бўйича) 1,3 млрд. долларни ташкил этди", дейилади Марказий банк ахборотида.