Сўнгги кунларда Давлат тест марказининг ОТМларга қабул учун ташкиллаштирган тест синовлари учун харид қилган тиббий ниқоб, қўлқоп, ручка, сув ва бош кийими (кепка), шунингдек назоратчиларнинг тушликлари учун сарфланган маблағлар акс этган сурат тарқалмоқда.
Мазкур сурат давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталдан – dxarid.uzex.uz сайтидан олинган бўлиб, бу электрон давлат харидлари ўтказилишини таъминловчи веб-сайт ҳисобланади.
Маълум қилинишича, ДТМ тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали 13,4 млрд сўмлик кепка, қўлқоп, тиббий ниқоб, сув ва ручка харид қилган.
Шунингдек, Республика бўйлаб тест синовларини ўтказишга жалб қилинган ходимларни овқатлантиришга 1 млрд 550 млн сўм атрофида маблағ сарфлаган.
Ушбу харидлар юзасидан ДТМ билдирган муносабатга кўра, Давлат комиссиясининг 2020 йил 28 августдаги 3-сон баёни билан Давлат тест маркази 2020-2021-ўқув йили қабулида кириш тест синовлари очиқ стадионлар ва хиёбонларда ўтказилиши муносабати билан қуёш нуридан ҳимоялаш мақсадида, абитуриентларни бош кийим (кепка) билан таъминлаш учун ички танлов асосида шартномаларни расмийлаштиришга рухсат берилган.
“BOBURXON BN NODIRXON” корхонаси билан дастлаб тузилган шартномага биноан корхона 1 млн дона бош кийим (кепка)ни 6 174 сўмдан 6 174 000 000 сўмга, 15 % қўшимча қиймат солиғи билан бирга 7 100 100 000 сўмга етказиб бериши керак бўлган.
Лекин корхона белгиланган миқдорда бош кийимларни етказиб бера олмагани учун дастлабки шартнома бекор қилиниб, қўшимча келишув имзоланган ва 6 174 сўмдан жами 69 506 дона бош кийимни 429 130 044 сўмга, 15 % қўшимча қиймат солиғи билан бирга 493 499 550,60 сўмга етказиб берган.
Мазкур корхона бош кийимларни етказиб бера олмагани учун бошқа корхоналар билан ҳам бош кийим етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам бу ҳақида ўз позициясини билдирди.
«Давлат тест маркази томонидан кепка, озиқ-овқат маҳсулотларини буюртма ва харид қилиш жараёнларида ўзаро тил бириктириш орқали ноқонуний йўл билан маблағларни ўзлаштириш аломатлари мавжуд. Шунингдек, коррупциянинг ҳам излари сезилмоқда.
Шу сабабли Бош прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур масалани ўрганиб, ҳуқуқий баҳо беришлари шарт.
Бу жараён ҳеч қандай таъсир ва босимларсиз қонун доирасида жамоатчилик учун очиқлаб олиб борилишини сўраймиз», дейди у.
Маълумот учун, “BOBURXON BN NODIRXON” корхонаси бир нафар ишчига эга ва йиллик пул айланмаси $83 000 атрофида бўлган оилавий корхона ҳисобланади.