Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитени вагонларида ўзига хос лексика (жаргон) ишлатилган тижорат рекламаси видеоролиги кенг мунозараларга сабаб бўлган эди.
“Тошкент метрополитени” УК Ахборот хизмати маълум қилишича, ушбу видео Credit Asia компаниясининг рекламаси бўлиб, реклама агентликлари томонидан тижорат асосида жойлаштирилган. Мазкур видео муаллифларига кўра, “проблем йўқ” иборасини ишлатиш фуқароларнинг тил сиёсати соҳасидаги ҳуқуқларини бузишга қаратилган эмас ва шунчаки муаллифнинг ўзгача ифодаси бўлган, холос.
Қайд этилишича, жамият фикрини инобатга олган ҳолда, “Тошкент метрополитени” УК раҳбарияти реклама агентликларига ушбу видеони эфирдан олиб ташлашга кўрсатма берган.
Шунингдек, пойтахт метрополитени маъмурияти ўзбекистонликларга фаол фуқаролик позицияси учун ўз миннатдорчилигини билдириб юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраган.