Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирги пайтда табиий газ тақсимотини мувозанатлаштириш бўйича махсус вақтинчалик чоралар кўрилмоқда.
Қайд этилишича, бу эса, уйлар, хонадонлар, мактаблар, болалар боғчалари ва шифохоналарни табиий газ билан барқарор таъминлаш имконини беради.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг амалдаги шартномаларида куз-қиш даврида газ етказиб беришга чекловлар киритилиши кўзда тутилган бўлиб, шунинг учун ҳам улар муқобил ёнилғи манбаларига эга бўлишлари керак.
Шу муносабат билан 2020 йилнинг 1 ноябридан жорий этилган хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан, умумий овқатланиш корхоналари (ресторан, кафе) учун табиий газдан фойдаланишга доир чекловлар табиий газ сотиб олиш бўйича шартномаларда кўзда тутилган зарур чора ҳисобланади.
Хусусан, шу кунларда пойтахтнинг юқори босимли газ қувурларига уланган йирик улгуржи истеъмолчилар “Ҳудудгазтаъминот” АЖдан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига газ етказиб бериш барқарорлигига таъсир кўрсатмаслик учун уларни “саноат коллектори”га ўтказиш тўғрисида хабарнома олди. Барча корхоналар жорий йил бошида “саноат коллектори”га ўтказиш зарурлиги тўғрисида хабарнома олган.
Қолаверса, Тошкент шаҳрининг мавсумий истеъмолчиларига (ғишт, гипс оҳак ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган йирик саноат корхоналари) табиий газ етказиб бериш 1 ноябрдан тўхтатилиши тўғрисида хабар берилган.
Шундай қилиб, куз-қиш даврида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган улгуржи истеъмолчилар, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналари муқобил ёқилғидан фойдаланишга ўтиш учун фаол чоралар кўришлари керак. Олдинда йилнинг совуқ мавсуми турибди, шунинг учун табиий газ таъминоти узилишларсиз ва керакли ҳажмда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлар, шифохоналар ва таълим муассасаларига етказиб берилиши керак.