Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 175-6-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
«Бюджет сўровини, рўйхатдан ўтказиш учун харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини, шунингдек молиявий ҳисоботни ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиш тартибини бузиш –
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.»
Шунингдек, қуйидаги мазмундаги 175-7-модда билан тўлдирилади:
"175-7-модда. Бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузиш
Бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузиш –
мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади".