Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қайтарилди.
Қонун лойиҳасида қатор маъмурий ҳуқуқбузарликлар шу жумладан, ёввойи нашаларни йўқ қилиб юбориш чораларини кўрмаганлик, ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати судлардан ички ишлар органлари профилактика инспекторларига ўтказилиши таклиф этилмоқда эди.
Депутатлар бу инсон ҳуқуқларини таъминлашда одил судловни амалга оширишга зид келиши, коррупция аломатларининг келиб чиқишига олиб келиши, ҳуқуқни қўллашда субъективлик пайдо бўлиши, профилактика инспекторларига норасмий режалар қўйилишига ҳамда фуқароларда эътирозлар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкинлиги каби важларни билдириб ўтдилар.
Овоз бериш натижасига кўра, депутатларнинг аксарияти қонун лойиҳасига қарши чиқдилар ва лойиҳани қабул қилиш рад этилди.