Икки вилоятда аҳолига етказилиши зарур бўлган арзонлаштирилган кўмирдан ноқонуний даромад қилмоқчи бўлган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура UzNews.uz'га хабар берди.
Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Шаҳрихон тумани бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, “HOWO” русумли юк машинаси ҳайдовчиси “З.” ҳеч қандай ҳужжатсиз кўмир маҳсулотларини олиб кетаётганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган текширувда, “Ўзбеккўмир” АЖнинг “Андижон кўмир етказувчи” филиали Шаҳрихон тумани омбори мансабдор шахслари аҳолига етказилиши лозим бўлган арзонлаштирилган 24,3 тонна кўмирни 12,1 млн сўмга сотиб юборганликлари фош бўлган.
Шунингдек, Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, “Кўмир таъминот” МЧЖ Хоразм вилояти филиалига қарашли Янгиариқ туман кўмир омбори мудири Р.А. ва оператори Д.Ж.лар аҳолига етказилиши лозим бўлган арзонлаштирилган 38,9 тонна кўмирни 13,6 млн сўмга “Р.” МЧЖга қарашли пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхонага сотишган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Ушбу ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.