ИИВ ЎХБ Андижон вилояти бўйича бўлимига фуқаро О. яшаш хонадонида қонунга хилоф равишда ҳайдовчилик гувоҳномалари, ишончномалар ва бошқа транспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали тайёрлаб келаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушади.
Тезкор маълумотга асосан олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида гумондор Андижон шаҳрида яшовчи муқаддам 4 маротаба судланган У. О бўлиб чиқди.
Унинг хонадони текширилганида 1 дона ноутбук, 1 дона принтер, 1 дона рангли принтер, 8 та қалбаки ишончнома бланкалари, 9 нафар фуқаронинг паспорт нусхалари, 3 та автомашиналарни техник қайд этиш гувоҳномалари, 1 та транспорт воситасини ойналарини қорайтириш учун рухсатнома бланкаси, ҳужжатларни қалбакилаштиришда фойдаланиладиган канцелярия буюмлари ҳамда 1 дона флешка ашёвий далил сифатида олинди.
Ноутбук ва флешка текширилганида унда кўплаб ҳайдовчилик гувоҳномалари, ишончномалар ва бошқа расмий ҳужжатлар сканер қилиниб, тайёрлаб келинаётганлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.