Молия вазирлиги 2020 йил 1 октябрь ҳолатига Давлат бюджети даромадларининг ижроси ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, 2020 йил 9 ойида Давлат бюджети даромадлари 94,5 трлн. сўмни ташкил этган ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,3 трлн. сўмга кўп маблағлар ундирилган.
Вазирлик маълумотига кўра, Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми солиқ ва божхона тушумлари ҳисобига шаклланган.
«Бунда, солиқдан ташқари манбаларнинг улуши кўпаймоқда, бу энг аввало давлат улуши бўйича дивидендлар (фойданинг бир қисми) тушуми ошиши билан боғлиқ», дейилади маълумотномада.
Қайд этилишича, 2020 йил 1 октябрь ҳолатига солиқ тушумлари 77,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан таққослаганда 16,6 трлн. сўмга (15 %) ошган.
Шунингдек, Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми қуйидаги солиқлар ҳисобига шаклланди:
– ҚҚС - 22,3 трлн. сўм (жами даромадларнинг 23,6 %),
– фойда солиғи – 19,4 трлн. сўм (20,6%),
– жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи – 11,0 трлн. сўм (11,6 %),
– ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ – 12,0 трлн. сўм (12,7 %),
– акциз солиғи – 8,6 трлн. сўм (9,1 %).
Бунда йирик солиқ тўловчилар улушига қарийб 48,2 трлн. сўм солиқ тушумлари ёки солиқ органлари томонидан маъмурийлаштириладиган барча даромадларнинг 66,3 фоизи тўғри келди.
Божхона тўловлари бўйича тушум жорий йилнинг 9 ойида ўтган йилнинг мос даврига таққослаганда 4,9 трлн. сўмга кўпайиб 16,2 трлн. сўмни ташкил қилди (ўсиш 1,4 баробар).
Бунда божхона тушумлари қуйидагича тақсимланади: қўшилган қиймат солиғи - 13 трлн. сўм, божхона божи – 2,2 трлн. сўм. акциз солиғи – 0,6 трлн. сўм.