Тошкентда камерунлик фуқарони гаровда сақлаб, унга турли жисмоний жароҳатлар етказган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда “Тошкент” телеканалидаги дастурда маълум қилинди.
Маълум бўлишича, Яшнобод туманида Шакуров Рамзес 2019 йилнинг 27 май кунида ўз хонадонида жиноий тўдаси билан биргаликда камерунлик Жан Марини ўғирлаб кетиб, тўрт кун давомида тутқунликда гаровда сақлаган.
Воқеага камерунлик Марк ва Уилям исмли фуқароларнинг қилмиши сабаб бўлгани айтилмоқда. Улар 2019 йил бошида Ўзбекистонга фирибгарлик йўли билан пул топиш учун келишади. Улар ўзбекистонлик Шакуров Рамзес одамларини чув тушириб, 20 минг AҚШ долларини олиб кетади.
Бу ҳол Рамзес ва унинг жиноий тўдасининг ғазабини келтиради. Шундан сўнг улар камерунлик Марк ва Уилямни Ўзбекистонга чақириб, мўмай даромад топишлари мумкинлиги ҳақида айтишади. Лекин камерунлик фирибгарлар Ўзбекистонга ўзлари келмасдан Жан Мари исмли шахсни жўнатади.
Жан Мариени белгиланган тузоққа бошлаб бориш жиноий тўданинг Ҳошимов Фарҳод, Қодиров Aббос исмли аъзоларига юклатилади. Бу фуқаролар камерунлик Жан Марини шаҳар айлантириш баҳонасида олиб кетади ва Яшнободдаги хонадонга бошлаб келади.
Жан Мари воқеа ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
“Ҳовлига кирганимда бу ернинг ҳолатини кўриб қўрқиб кетдим. Кетмоқчи бўлганимда улар мени ичкарига мажбурлаб олиб киришга ҳаракат қилишди. Шунда ичкаридан Темур исмли йигит чиқиб келиб, мени судраб уйга олиб кирди.
Оғзимга латта тиқиб, оёқ-қўлимни боғлаб, музлаткич ёнига ётқизиб қўйишди. Бошимни, жағимни деворга уришди. Ҳозир бу жойни оқлаб ташлашибди”.
Камерунлик Жан Мари тўрт кун давомида тутқунликда, қийноқда сақланган. Бу ҳолни жиноий тўда видеога олиб, Марк ва Уилямга юборишган. Мақсад 60 минг AҚШ доллар ишлаш бўлган. Aгар айтилган суммани беришмаса, Жан Марини ўлдириб юбориш билан таҳдид қилишади.
Тўрт кундан сўнг, Камерундан сўралган пулларни жўнатишга рози эканлиги ҳақида хабар келади. Бу хабардан сўнг жиноий тўда аъзолари Жан Марини хонадондан олиб чиқиб, Яшнаобод тумани Жарқўрғон кўчасида жойлашган “Геликон” меҳмонхонасига олиб боришади, ювинтириб, кийинтирилади.
Бу вақт ичида Ташқи ишлар вазирлигига Франция элчихонасидан Жан Марининг ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар келиб тушган. ДХХ томонидан тезкор қидирув ишлари бошланган ва бу жараён якунланмасдан тутқундаги камерунлик фуқаро қочиб кетишга улгурган.
Оқибатда жиноий гуруҳга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, бу жиноий ишга алоқадор бўлган 15 киши қўлга олинган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 245-моддаси 1-қисми (шахсни гаров сифатида тутқунликка олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Шакуров Рамзес ва жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.