Бугун, 13 ноябрь куни АОКАда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдулҳамид Абдураҳмонов иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда махсус комиссия баёнига асосан 1 октябрь кунидан бошлаб чегарадан ўтишга рухсат берилгани, аммо ҳозиргача чегарадан ўтиш имконияти йўқлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.
Абдулҳамид Абдураҳмонов, жумладан, қўшни Тожикистонга ўқишга бора олмаётган талабалар ҳусусида ҳам тўхталиб ўтди.
– Республика махсус комиссиясининг юқорида қайд этилган баёнига асосан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш ва кириш бўйича барча чекловлар олиб ташланган. Лекин Давлат чегарасидан ўтиш учун қўшни давлат томонидан ўрнатилган қоидаларга ҳам риоя этиш талаб этилади.
Ҳозирги кунда Тожикистон томонининг тегишли рухсати бўлганда, талабаларнинг ўзбек-тожик чегараси орқали ўтишига ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас, - деди ДХХ Чегара қўшинлари бошқарма бошлиғи ўринбосари.
Таъкидланишича, давлат чегараси орқали ўтказиш бир давлатнинг эмас, балки икки томоннинг рухсати билан амалга оширилишини ҳисобга олган ҳолда Ташқи ишлар вазирлиги қўшни давлатлар билан бу борада бир қатор тадбирлар ўтказди.
Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида, шунингдек, қўшни давлатлар чегара қўшинлари билан келишган ҳолда Давлат чегарасидан фуқароларни ўтказиш масаласида баъзи натижаларга эришилди.
Жумладан, жорий йилнинг 1 сентябридан Қирғизистон билан чегарадаги ўтказиш пунктлари фаолияти тикланди, 16 октябрь кунидан – Афғонистон Ислом Республикаси, 23 октябрь кунидан – Қозоғистон билан чегарада маълум бир тоифадаги фуқароларнинг ҳаракатланишига рухсат берилди.
Туркманистон томони эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, киритилган чекловларни ўзгаришсиз қолдириш фикрини билдирди. Тожикистон томони ҳозирда ушбу масалани кўриб чиқмоқда.
Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг тегишли қарорига асосан, темир йўл ва ҳаво транспортида мунтазам рейслар хорижий давлатлар билан келишган ҳолда йўлга қўйилишига рухсат берилган.