Марказий банк Тошкент шаҳрида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш юзасидан банк хизматлари истеъмолчилари ўртасида 4 та мезон – ишончлилик, кўникма, ҳозиржавоблик ҳамда мижозларни қўллаб-қувватлаш асосида сўровнома ўтказди.
Мазкур сўровнома тижорат банклари мижозлари билан юзма-юз савол-жавоблар шаклида ўтказилиб, унда 1 092 та респондент — 450 нафар жисмоний шахс ва 642 нафар тадбиркорлик субъекти иштирок этди.
Ўрганиш натижаларига кўра, истеъмолчилар томонидан 5 та банк — Ипак йўли банк, Азия Альянс банк, Инвест Финанс банк, Ориент Финанс банк ва Капиталбанкда хизмат кўрсатиш сифати бошқа банкларга нисбатан “яхши” деб топилган.
Ўзсаноатқурилишбанк, Ўзмиллийбанк, Трастбанк, Ҳамкорбанк, Алоқабанк, Ипотека-банк, Туронбанк, Асака банкда кўрсатилаётган хизматлар “қониқарли” деб баҳоланган.
Таъкидланишича, респондентлар фикрига кўра, Пойтахтбанк, Микрокредитбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Агробанк, Халқ банки ва Давр-банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати мижозларнинг эҳтиёжларини “қониқтирмайди”.
“Натижалар банк хизматлари истеъмолчиларининг сўровнома давомида билдирилган фикрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган ва Марказий банкнинг позицияси ҳисобланмайди” - дейилади хабарда.
Келгусида Марказий банк томонидан тижорат банкларида банк хизматларини кўрсатиш сифатини баҳолаш воситаларини кенгайтириш, шу жумладан, “сирли мижоз” механизмидан фойдаланиш ҳамда соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш режалаштирилган.