Ўзбекистон Бюджет кодексининг 96-моддаси ва “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ҳисоб палатаси томонидан 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича Хулосаси тайёрланди.
Хулосадан маълум бўлишича, 2021 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг харажатлари прогнозлари 40 057,8 млрд сўмни ташкил этади. Шундан, давлат қарзига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар 595,8 млрд сўмни ташкил этади.
Таҳлил натижасида, республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг жами харажатлари прогнози 164 679,8 млрд сўмни ташкил этгани ҳолда, давлат бюджети харажатлари асоссиз равишда 898,4 млрд сўмга оширилган ҳолда кўрсатилганлиги аниқланган.
Шу муносабат билан давлат бюджети харажатлари миқдорини 898,4 млрд сўмга камайтириш кўзда тутилмоқда.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 сентябрдаги ПҚ-4836-сонли Қарорининг 9-бандида 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг штат бирликларини 10 фоизга қисқартириш тўғрисида Президент қарори лойиҳасини киритиш вазифаси юклатилган.
Мазкур топшириқ ижроси бюджет лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳисобга олинмаган. Натижада, дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 550 млрд сўм бюджет маблағлари 2021 йил бюджет лойиҳасида ортиқча кўзда тутилган. Шу сабабли, ушбу маблағни қисқартирилиши мақсадга мувофиқлиги маълум қилинган.