Аввалроқ Қозоғистонда 58 ёшли ўзбекистонлик уч йил давомида меҳнат қуллигида ушлаб туригани, ундан ҳужжатлари олиб қўйилгани ва жисмоний тазйиқ ўтказилгани ҳақида хабар бергандик.
Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси ушбу ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилди.
Aктобе вилояти полиция департаменти маълумотларига кўра, ушбу шахс 1962 йил 2 майда туғилган Ўзбекистон фуқароси М.Б. бўлиб чиққан. Унинг иш берувчисига нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 128-моддасида кўзда тутилган “Одам савдоси” бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Аниқланишича, М.Б. Қозоғистонга 1996 йилда келган, 2004 йилда доимий яшаш рухсатномасини олган ва Қозоғистонда мунтазам яшаб келади.
Ҳуқуқни муҳофаза қиливчи органлар вакиллари билан суҳбат чоғида М.Б. ҳозирги иш берувчисига нисбатан шикояти йўқлигини, иш, яшаш ва иш ҳақи шартлари ўзини қониқтиришини, Ўзбекистонга қайтиш нияти йўқлигини ва Олмаота шаҳрига, Қозоғистон фуқароси бўлган қизининг уйига кўчиб ўтишни режалаштираётганини билдирган.
Қайд этилишича, жиноий иш аломатлари йўқлиги ва меҳнат қуллиги фактлари тасдиқланмагани муносабати билан қўзғатилган жиноят иши ёпилган.