Ўзбекистоннинг 2020 йил 3-чораги учун Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи эълон қилинди.
Унга кўра, давлат қарзининг жорий ҳолати, яъни 2020 йил 1 октябрь ҳолатига, Ўзбекистон номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 20,8 млрд доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 36,8 фоизни ташкил этди.
Хусусан, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойида давлат ташқи қарзи 2,8 млрд долларга ёки йил бошига нисбатан 18,0 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 18,5 млрд долларга ёки ЯИМга нисбатан 32,8 фоизга етди.
Шундан:
– Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз - 12,7 млрд доллар;
– Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 5,8 млрд доллар.
Давлат ички қарзи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 23,6 трлн сўмни (2,3 млрд доллар) ёки ЯИМга нисбатан 4,0 фоизни ташкил этди.
Шундан:
– Ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 4,7 трлн сўм (0,4 млрд доллар);
– Ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 18,9 трлн сўм (1,9 млрд доллар).
Молия вазирлигининг мазкур шарҳига кўра, давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон Давлат қарзи (ЯИМга нисбатан - 36,8 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан - 32,8 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда.