Президент Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар чоғида давлат етакчилари сиёсий соҳада тизимли, ишончга асосланган мулоқотни давом эттириш, жумладан, икки мамлакат ташқи сиёсат идораларининг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш ва улар ўртасидаги ҳамкорликнинг ўрта муддатли дастурини қабул қилиш муҳимлигини қайд этдилар. Парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш таклифи илгари сурилди.
Савдо-иқтисодий алоқаларда асосий мақсад сифатида яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Ўзаро савдонинг ортиши учун қулай шароитлар яратиш, бу йўлдаги техник тўсиқлар ва чекловларни бартараф этиш борасида биргаликда ишлашга келишиб олинди.
Ўзбекистон ҳудудида “Аюрведа” ҳинд табобати анъанавий тизими ва телемедицинани жорий этган ҳолда замонавий тиббиёт марказларини ташкил этиш таклиф этилди. Ҳиндистон томони Ўзбекистон йога федерацияси фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган бўлди.
Саммит давомида хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётган замонавий хатарларга қарши курашишнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди. Яқиндан мувофиқлашув ва ахборот алмашинувини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан тартибга солиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
Учрашув якунида Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир Нарендра Модига келгуси йилда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишни яна бир бор таклиф этди.
Саммит якуни билан томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги яқин дўстлик ва мустаҳкам шериклик тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар.