Бош вазир Бинямин Нетаняху Исроил мудофаа армиясига (ЦАҲАЛ) Ғарбий Соҳилдаги "терроризм ўчоқларига қарши" кенг кўламли операцияни бошлашни топширди. Қарор бир кун аввал Тел-Авив чеккасида автобусларда содир бўлган портлашлардан сўнг қабул қилинган. Бу ҳақда Нетаняху Матбуот хизмати Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Бинямин Нетаняху Мудофаа вазирлиги раҳбари Исраэл Кац, ЦАХАЛ штаби бошлиғи Герси Халеви, Хавфсизлик хизмати раҳбари Ронен Бар ва полиция комиссари Даниэл Леви билан вазиятни муҳокама қилди. Бош вазир, шунингдек, полицияга Исроил шаҳарларида террорчилик ҳужумларининг олдини олиш учун "профилактика чораларини" кучайтиришни буюрди.
Маълумот ўрнида, кеча, 20 февраль куни Тел-Авив чеккасида учта бўш автобусда портлаш содир бўлди, яна икки жойда портловчи қурилмалар зарарсизлантирилди. Қурбонлар йўқ. Исроил транспорт вазири Мириам Регев поездлар ва автобуслар ҳаракатини тўхтатишни буюрди. Мудофаа вазирлиги раҳбари айбни "Фаластин террорчилик ташкилотлари"га юклади.