Кеча Нью-Йоркда Ўзбекистон ва Сомали ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Манбага кўра, икки мамлакат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Сомалининг БМТдаги доимий вакили Абукар Дахир Осман имзолади.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.
"Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш бўйича икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олинди. Ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистоннинг Африка мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигини фаоллаштиришда муҳим қадам бўлди," - дейилади хабарда.
Бугунги кунда Сомали Федератив Республикаси Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 157-давлат бўлди.
Маълумот ўрнида, 2024 йилда Ўзбекистон 12 та давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган.